24.03.2022. Меҳнат жамоаларидаги касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини, қонуний хоҳиш-иродаси ва талаб-истакларини ҳимоя қилишдан иборат. Шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида туб ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш, жамиятда шаклланаётган янгича қарашлар ва муносабатларни жамоатчиликка етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ходимлар эмин-эркин ишлаши учун ташкилот-корхоналарда зарур шарт-шароитлар яратилишини назорат қилиш ҳам ушбу тузилмалар фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади.
«Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси жамоаси шундан келиб чиқиб, айни кезларда изчил фаолият юритмоқда. Ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнида асосий эътибор улар билан иш берувчи ўртасида тузилган жамоа шартномаларида қайд этилган қоидалар нечоғли мукаммаллигига қаратилмоқда. Чунки бу ҳужжатни тегишли қонунлар асосида шакллантириш ва ҳар томонлама бадастир бўлишига эришиш томонлар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, бизнинг корхонамиз касаба уюшма қўмитаси қатор йиллардан буён салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. Ишчи-ходимларнинг жамоа шартномаларида белгилаб қўйилган манфаатларини ҳимоялашдан ташқари, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнат бозоридаги муносабатларни тартибга солиш ва муҳофаза қилиш, ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, ойлик маошлар ўз вақтида берилишини назорат қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштириш борасида диққатга молик ютуқларга эришмоқда.
Ҳозир корхонамиз касаба уюшма қўмитаси таркибида 13 та бошланғич ташкилот бўлиб, аъзолари сони 1135 нафарни ташкил этади. Уларнинг барчаси касаба уюшмалари томонидан берилаётган имтиёзлардан ўз вақтида ва унумли фойдаланмоқда.
Касаба уюшмалари ташаббуси билан корхонамизда меҳнат хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, иш жараёнида инсон соғлиғига путур етказиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Ходимларни белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтказиш, зарарли меҳнат билан шуғулланувчи ишчиларга сут маҳсулотлари етказиб бериш, бепул махсус кийим-бош, пойабзал ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳам қўмитанинг доимий назоратига олинган. Натижада жамоамиз ишчи-хизматчилари хавфсиз ва хавотирсиз ишлаш имкониятига эга бўлишди. Шунинг баробарида корхонада меҳнат унумдорлиги бир неча баробарга ўсди. Бунда жойларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган 12 нафар жамоатчилик вакилининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
Соғлом турмуш тарзига риоя қилинишига эришиш мақсадида турли байрамлар арафасида ва дам олиш кунлари уюштириладиган маданий- маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирларида жамоамизнинг барча ишчи-ходимлари фаол қатнашмоқдалар. Айниқса, волейбол, шахмат-шашка, мини футбол, арқон тортиш, енгил атлетика бўйича ўтказиладиган спартакиада кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ғолибларни тақдирлашда касаба уюшмалари маблағларидан фойдаланилмоқда.
Ўтган йили корхонамиз ишчи-ходимлари ва уларнинг оила аъзолари санаторийларда мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 21 та йўлланма тарқатилди. Бевосита касаба уюшма маблағлари ҳисобидан 20 дона йўлланма берилди. Умумхалқ ва касб байрамлари арафасида бемор ишчи-ходимларга, пенсионерлар ва кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат хайрия ёрдамлари топширилди. Шунингдек, таътилга чиққан 1040 нафар ходимга 776 миллион 551 минг сўмлик, оилавий шароити оғир 391 нафар ишчимизга 158 миллион 647 минг сўмлик, яқин қариндошлари вафот этган ходимларимиздан 43 нафарига 39 миллион 639 минг сўмлик, пенсияга чиққан ҳамкасбларимизнинг 25 нафарига 180 миллион 530 минг сўмлик, 35 нафар ёши улуғ кишига 77 миллион 490 минг сўмлик, соғлиғини йўқотган ва оғир жарроҳлик операцияларини бошидан ўтказган 2 нафар ходимга 16 миллион 773 минг сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Сирасини айтганда, «Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси фаолиятидан бугун кўпчилик мамнун. Жамоамизнинг барча ишчи-ходимлари ўзлари дуч келган низолар юзасидан корхона раҳбарияти ёки ҳуқуқ-тартибот идораларига эмас, балки касаба уюшма қўмитасига кўпроқ мурожаат қилишади. Бу бизни ҳар қачонгидан яхшироқ ишлашга ва қўмитамиз нуфузини янада юксалтиришга ундайди.
Шавкат Турсунов
«Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси