11.04.2022. Одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашида раҳбарларнинг қўйи бўғинга тушиб ишлаши яхши самара бермоқда.
Энг чекка ҳудудларлар, маҳаллалардаги мулоқотларда кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Асосийси, аҳолининг кайфиятига бу ижобий таъсир этиб, турмуш даражаси яхшиланмоқда. Фарғона вилояти Сўх тумани аҳли бугунги кунда улкан янгиланишлардан, бунёдкорлик ишларидан мамнун. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди ва давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парпибаева, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Сўх туманида бўлиб барпо этилаётган янги ижтимоий объектлар ва амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди, аҳоли билан мулоқот қилди.
Меҳмонлар дастлаб туманнинг Истиқлол маҳалласи ҳудудида 4,9 гектар майдонда бунёд этилаётган, лойиҳа қиймати 29 миллиард сўм бўлган замонавий болалар оромгоҳи қурилиш ишлари билан танишди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси жорий йил 1 июнгача фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган оромгоҳни йил давомида доимий фаолият олиб борувчи масканга айлантириш, дам олиш билан бирга соғломлаштириш жараёнларини ҳам ташкил этиш бўйича тавсияларини берди. Бу ерда маҳалла оқсоқоллари билан суҳбатлашилди. Нуронийлар учун замонавий сиҳатгоҳ ҳам барпо этишга киришилаётгани қайд этилиб, келгуси йилга бу маскан ҳам фойдаланишга топширилиши маълум қилинди.
Туманнинг “Жавпая” массивида ўзлаштирилаётган майдонларда иссиқхоналар қурилиши жараёнлари бориб кўрилди. Меҳмонлар ҳудуддан ер майдони олган фуқаролар ҳамда ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчилари билан мулоқот қилди. Қисқа муддатда ўнлаб 10 сотихли иссиқхоналарда қурилиш ишлари якунланиб, лимон кўчатлари ўтқазилгани, ораларига помидор, бодринг, қалампир ва карам экинлари экилгани уларнинг эътиборини тортди.
Туман маданият марказида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ҳамда фаолиятини бошлаган хотин-қизлар фаоллари, шунингдек жамоатчилик вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Самимий мулоқот шаклида ўтган учрашувда очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинган 27 нафар хотин-қизлар фаолларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ноутбуклар совға қилинди.
Қудратилла Рафиқов ўтган йилдан буён Касаба уюшмалари куни муносабати билан турли соҳа вакиллари ўртасида ўтказилаётган республика танловида Сўх тумани учун алоҳида номинация жорий қилинишини маълум қилди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ҳамда хотин-қизлар фаоллари орасида йил давомида энг яхши натижага эришган 3 нафари автомобиллар билан мукофотланиши, биринчи ўрин учун “Ласетти”, иккинчи ўрин учун – “Кобальт”, учинчи ўрин учун “Спарк” автомобили тақдим этилиши белгиланди.
Вилоят ҳокимининг таклифи билан бу махсус номинацияда Риштон туманининг Чўнғара ва Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари вакиллари ҳам баҳоланиши маъқулланди.
М.Сулаймонов
ЎзА