15.04.2022. «Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖда 742 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Корхона маъмурияти ва касаба
уюшма қўмитаси ўртасида имзоланган жамоа шартномасига асосан ишчи-ходимларга қатор имтиёз ва қулайликлар яратилган. Касаба уюшма қўмитаси томонидан иш ҳақлари ўз
вақтида тўланиши доимий назоратга олинган.
Корхонада ходимларнинг саломатлиги биринчи ўринда туради. Жамоа шартномасига асосан ўтган йили 695 нафар ишчи-ходим иш берувчининг ҳисобидан бепул чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу мақсадлар учун 78 848 минг сўм маблағ сарфланди.
Вақти-вақти билан саёҳатларга чиқиш ҳам иш унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ўтган йили фаол ишчиларнинг 30 нафари республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга олиб борилди. 69 нафар ходимга даволаниши учун кўмак кўрсатилди. Моддий кўмакка эҳтиёж сезган 155 нафар ишчи-ходимга ёрдам
қўли чўзилди. Бундан ташқари, самарали фаолият юритган илғор ходимларнинг 65 нафари рағбатлантирилди.
Касаба уюшма аъзоларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда. Ноқулай меҳнат шароитларида меҳнат қилаётган ходимлар махсус кийим-бош, махсус пойабзал, шунингдек, сут маҳсулоти билан таъминланган. Қолаверса, меҳнат муҳофазаси тадбирларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
«Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖда 2021-2023 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2021 йилда бажарилишига бағишланган йиғилишда шу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Музокараларда сўзга чиққанлар касаба уюшмаси фаолиятини қониқарли баҳолашди.
Раҳматжон Ғаффоров
«Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖ матбуот котиби