[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

15.04.2022. Юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзда тутилган асосий мақсад аҳолининг фаровон ва бахтли турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборатдир.

Мазкур жараёнда касаба уюшмалари томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини таъминлашни янада кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам турли соҳа ходимлари турмуши фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Жумладан, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимида ҳам бошланғич ташкилотлар фаолиятини яхшилаш, уларнинг моддий техника базасини кучайтириш, нуфузини ошириш, нодавлат сектори тизимидаги корхоналарда касаба уюшмаларини тузиб, аъзоликка қабул қилинган ходимлар ҳимоясини мустаҳкамлаш борасида қатор  ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун имзоланган Бош келишув асосида тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари мазмунан янада бойитилиб, ижроси таъминланмоқда. Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши, “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда “Ўзфармсаноат” Ассоциацияси ўртасида қабул қилинган тармоқ келишувлари тизимдаги корхоналарда касаба уюшмалари ҳаракатини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда  тизимда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали анча кенг доирадаги масалалар ўз ечимини топмоқда. Бу нафақат меҳнат муносабатларини самарали бошқариш, балки меҳнат шароитларини баҳолаш, шунингдек, меҳнат жамоаларида ҳамжиҳат бўлиб ишлаш имконини бермоқда. Тармоқ тизимидаги корхоналарда жамоа шартномаларидаги тадбирлар сонининг оширилишида ижобий тамойил барқарор. Бу борада “Навоийазот”, “Аммофос-Максам”, “Фарғонаазот”, “Дехқонобод калий заводи”, “Янгийўл биокимё заводи”, “Қўқон биокимё заводи”  “Максам Чирчиқ” АЖлари, “Қўнғирот сода заводи”, “Фарғона кимё заводи” МЧЖларида олиб борилаётган ибратли ишлар таҳсинга лойиқ.

Хар бир корхона ва ташкилотда жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича умумий йиғилишлар ва конференциялар ўтказиб келинмоқда. Жамоа шартномаси бажарилиши якунига бағишланган йиғилишлар бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятида муҳим ва катта воқеа ҳисобланади. Чунки, йиғилишда  жамоа шартномасига мувофиқ йил давомида олиб борилган ишлар таҳлил қилиниб, касаба уюшмаси аъзолари, уларнинг вакиллари билан ҳамкорликда келгусида бошланғич ташкилотнинг фаолиятини янада кучайтириш ва такомиллаштириш борасида яқин келажакка мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Жамоа шартномаларининг ижтимоий йўналтирилган таркибий қисми кучайтирилиши натижасида, уларда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ҳар бир ходимга бир йил давомида ўрта ҳисобда сарфланган маблағ йилдан йилга ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш, инсон манфаатларини таъминлаш каби долзарб вазифаларни ўз ичига олган қатор Давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Мазкур дастурларнинг амалиётга татбиқ этилишида касаба уюшмалари ҳам бевосита иштирок этиб, улар ижросини таъминлашда асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилалар, аёллар ва ёшлар, кексалар ва ёлғиз қариялар манфаатларини ифодалашга қаратилмоқда.

Айни кунларда кимё ва фармацевтика саноати тизимидаги корхоналарда жамоа шартномаларининг 2021 йилда бажарилиши бўйича умумий йиғилиш ва конференциялар якунига етмоқда.

Ана шундай анжуманлардан бири куни кеча тармоқдаги энг катта нуфузга эга бўлган, 9 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган “Навоийазот” АЖда бўлиб ўтди. Мазкур корхонада Жамоа шартномасининг 2021 йилда бажарилиши бўйича ўтказилган конференцияда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Мавжуда Халилова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши раиси Назира Тоғаева иштирок этдилар.

Конференцияда даставвал “Навоийазот” АЖ бошқаруви раиси Одил Тимиров ва касаба уюшма қўмитаси раиси Феруза Файзиева корхона Жамоа шартномасининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан меҳнаткашлар олдида ҳисобот бердилар.

Ҳисоботларда корхонада меҳнат қилиб, қўшимча имтиёзлар олаётган ходимлар ҳамда оилалар сони, уларга имтиёзлар бериш учун сарфланаётган маблағ миқдори йилдан-йилга ортиб бораётгани, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, жамоа шартномасида иш берувчи томонидан олинган мажбуриятларнинг қай даражада бажарилаётгани каби масалалар таҳлил этиб берилди.

Шунингдек, давр талабидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмаси томонидан ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шу мақсадда Жамоа шартномасининг ижтимоий таркибий қисмини кенгайтириш йўналишларида олиб борилаётган фаолиятга батафсил тўхталинди. Хусусан, касаба уюшмалари фаолиятининг жорий йил учун белгилаб олинган устувор йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Шундан сўнг Жамоа шартномасининг 2021 йилдаги ижроси юзасидан йиғилган делегатлар иштирокида конференция кун тартибига киритилган масалалар қизғин муҳокама қилинди. “Навоийазот” АЖнинг янги 2022-2024 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси маъқулланди.

Конференцияда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Мавжуда Халилова корхона ходимларига яратилган меҳнат шароитлари, маиший шарт-шароитлар, меҳнат муҳофазаси йўналишида амалга оширилаётган ишлар, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини дам олдириш, саломатликларини мустаҳкамлаш, маънавиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтди.

***                                                  ***                                                ***

Жамоа шартномаси ижросига бағишланган меҳнат жамоасининг навбатдаги конференцияси тармоқ тизимидаги “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖда бўлиб ўтди.

Унда  корхонанинг 2019-2021 йилларга тузилган Жамоа шартномасининг 2021 йилда бажарилиши ҳамда 2022-2024 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномаси лойихасини мақуллаш масалалари муҳокама этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари Равшан Самарбеков ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Нилуфар Музаппарова иштирок этди.

Конференция давомида корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Д.Алимов ва бош директор ўринбосари Ш.Аминовнинг 2021 йилда Жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича хисоботлари тингланди.

Конференция делегатлари томонидан 2021 йилда Жамоа шартномасининг бажарилиши қониқарли деб топилди ва 2022-2024 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномаси лойиҳаси қўллаб-қувватланиб, мақулланди.

Конференцияда корхона Бош директори Ғуломжон Ибрагимов сўз олиб, Жамоа шартномаси ишчи-ходимларни ҳар томонлама иқтисодий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, кадрларни тайёрлаш, ёшлар ва аёлларга ҳар томонлама кўмак беришга йўналтирилганлигини алоҳида таъкидлади. 2022-2024 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномасининг ижтимоий таркибий қисмини кучайтириш бўйича янги таклифлар киритиб, барча иштирокчиларга келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, конференцияда сўзга чиққанлар Жамоа шартномасида белгиланган тадбирларнинг ходимлар манфаатларига қай даражада хизмат қилаётгани, ушбу локал ҳужжат орқали ишчи-хизматчиларга яратилаётган имтиёз ва кафолотлар ҳамда уларнинг амалдаги ижроси, янада кўпроқ эътибор қаратилиши лозимм бўлган масалалар хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Кези келганда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш зарурки, тармоқ тизимидаги корхоналарда меҳнат муносабатлари соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда касаба уюшмаларининг иштироки, тизимни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллашириш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ижтимоий шериклик, бандлик, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя, ёшлар сиёсатини амалга оширишдаги иштирок ҳамда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Меҳнат жамоаларининг Жамоа шартномалари ижросига бағишланган конференцияларида мазкур йўналишлардаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада касаба уюшмалари олдида турган навбатдаги долзарб вазифалар ижроси ҳусусида ҳам келишиб олинмоқда.

Шунингдек, Жамоа шартномалари ва келишувларининг жойларда тўлиқ амал қилишига эришиш, меҳнаткашлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик ва ҳуқуқий муносабатларни янада фаоллаштириш, муҳим ижтимоий масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантиришда фаол иштирок этиш бундан кейин ҳам ходимлар вакиллари бўлмиш касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг асосий вазифалари қаторида бўлиши эътироф этилмоқда.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари