28.04.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, корона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
“Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичида “Энг яхши ташкилот”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “ Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши ёш мутахассис” номинацияларида ғолибликни қўлга киритган 46 нафар мутахассис диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Муроджон Носиров сўз олиб, бугунги кунда меҳнат муҳофазаси маданиятини юксалтириш, меҳнат жамоаларида техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш борасида касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати