[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.05.2022. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, мазкур олий ўқув юртининг касаба уюшма қўмитаси ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика Федерация
си ҳамкорлигида марҳум профессор Ропижон Қудратов хотирасига бағишланган енгил атлетика бўйича республика очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

5­-6 май кунлари Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида саккизинчи бор ўтказилган хотира турнирида енгил атлетиканинг 37 тури бўйича ёшлар ўзаро беллашдилар. Мусобақада мамлакатимизнинг барча вилоят ва шаҳарларидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаб лари (БЎСМ), Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари (ИБЎСМ), Республика ўсмирлар олий спорт маҳорати мактаблари (РЎОСММ), Республика олий спорт маҳорати мактаби (РОСММ), Олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ҳамда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 312 нафар иштирокчи ўз маҳоратини намойиш этди. Шунингдек, устоз Ропижон Қудратовнинг оила аъзолари, фарзандлари, дўстлари ва шогирдлари ҳам фахрий меҳмон сифатида тадбирга ўзгача бир файз киритишди.

Мусобақа якунига кўра, 121 нафар спортчи совринли ўринларни қўлга киритди.

– Ўйинлар жуда қизиқарли, кескин ва муросасиз кечди, – дейди ЎзДЖТСУнинг «Енгил атлетика назарияси ва услубияти» кафедраси катта ўқитувчиси Акмалжон Баратов. – Ҳатто енгил атлетиканинг 4х400 аралаш эстафета югуриш турида Навоий вилояти жамоаси 3:35.19 натижа кўрсатиб, Ўзбекистон рекордини янгилашга муваффақ бўлди.

Ғолибларга диплом, фахрий ёрлиқ ва ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Шу ўринда Ропижон Қудратов ҳақида қисқача маълумот:

У 1950 йил 21 августда Самарқанд вилоятининг (ҳозирги Жиззах вилояти) Жиззах туманида туғилган. 1973 йилдан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг Енгил атлетика кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, Педагогика факультети декани муовини, ўқув бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.

1986 йилда илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олган ва 1992 йилда доцент унвонига сазовор бўлган.

Р. Қудратов университетнинг Енгил атлетика кафедраси мудири бўлиб ишлаган йилларда мутахассислик фанлари бўйича намунавий ва ишчи дастурлар тайёрлаб, кўплаб иқтидорли ёшларни кафедрага жалб этган.

Билимли ва тажрибали устоз 2001-­2006 йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори сифатида самарали фаолият олиб борди. Айнан шу даврда илм даргоҳининг моддий­техник базаси янада мустаҳкамланиб, ўқув­услубий таъминоти, илмий салоҳияти яхшиланди, олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик изчил йўлга қўйилди. Бундан ташқари, олим раҳбарлигида ўқув бинолари, спорт заллари ва ёрдамчи иншоотлар қайта таъмирланди.

Ропижон Қудратов «Ўрта масофаларга югурувчи талаба­қизларнинг тренировка жараёнини бошқариш самарадорлигини ошириш», «Истиқлолнинг спортдаги истиқболли йўллари», «Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари» ўқув қўлланмалари, «Енгил атлетикачиларнинг махсус машқлари» услубий қўлланмаси ва «Енгил атлетика» дарслиги ҳамда 100 дан ортиқ илмий­услубий ишлар муаллифи ҳамдир.

Университет жамоаси, шогирдлари ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика Федерацияси Ропижон Қудратовнинг соҳада фидойилик билан қилган меҳнатларини мудом қадрлайди.

Тадбирда олимнинг дўстлари, шогирдлари, ҳамкасблари унинг эзгу ишларини ёд этишди.