16.05.2022. Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналиши талабалари ўртасида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остидаги республика эсселар танлови ўтказилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танлов ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида бўлиб ўтмоқда.
Наманган вилоятидаги олий таълим муассасаларида ҳам талабалар томонидан зўр қизиқиш билан кутиб олинган танлов бугун уларнинг фаол иштирокида ўтмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 28 апрелидан 6 майига қадар вилоятдаги мавжуд 3 та ОТМда танловнинг факультет босқичлари ўтказилиб, бу босқичда 5 мингдан ортиқ талаба иштирок этди. Талабалар мазкур босқичда “Биз келажак бунёдкоримиз!” мавзусида эссе ёзган бўлсалар, танловнинг 10-14 май кунлари ўтказилган олий таълим муассасалари бўйича ҳудудий босқичида “Янги Ўзбекистон – янги мақсадлар” мавзусида эссе ёздилар. Ушбу босқичда танловнинг факультет босқичларида ғолиб бўлган 100 га яқин йигит-қиз иштирок этди.
Танловнинг бугун – 16 май куни бўлиб ўтган Наманган вилояти босқичида эса учта ОТМнинг 15 нафар талабаси “Янги Ўзбекистон менинг тасаввуримда” мавзусида эссе ёзиш орқали ўз ижодий қобилиятларини синовдан ўтказдилар.
Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остидаги республика эсселар танловининг республика босқичи иштирокчиларининг барчаси ноутбук билан, 3-ўринни эгаллаган талаба 10 миллион сўм, 2-ўрин соҳиби 20 миллион сўм ва 1-ўрин соҳиби 30 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланадилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати