17.05.2022. Ҳар бир байрам арафасида ОКМК раҳбарияти комбинат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши томонидан хайрли ишлар амалга оширилиши анъанага айланган.
Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни муносабати билан 119 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионерларга, 35 нафар боқувчисини йўқотган оилаларга озиқ-овқат жамланмалари тарқатилди.
Бундан ташқари, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари имтиёзли нархларда ишчи-ходимлар учун саёҳатлар ташкил этилди.
Жумладан, ишчи-ходимлар Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги тарихий обидаларни зиёрат қилишди.
Шунингдек, 50 нафар нафақадаги комбинат меҳнат фахрийлари учун пойтахтимизга бепул саёҳат ҳам ташкил этилди. Нуроний отахону онахонлар Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди.
“Тўйга тўёна” деганларидек, байрам арафасида бир қатор ижтимоий объектлар ҳам фойдаланишга топширилди.
Хусусан, “Баҳор” меҳмонхонасининг қўшимча биноси ҳамда Мис эритиш заводи ишчи-ходимларига хизмат кўрсатувчи 14-сонли ошхона фойдаланишга топширилди.
Жумладан, 13 май куни ОКМК спорт мажмуасида соат 18.00 да “Металлург” МС бадиий дасталари ҳамда машҳур эстрада юлдузлари иштирокида катта концерт дастури ўтказилди.
14 май куни эса соат 10.00дан бошлаб “Металлург” МС биноси атрофида, “Ёшлар” боғида, “Болажон” паркида катта халқ сайли ташкил этилди. Унда комбинат таркибий бўлинмалари ўз павильонларини ташкил этиб, экспонатлар, маҳсулотлар ва макетлар кўргазмасини намойиш этди. Шунингдек, турли хил кўнгилочар дастурлар бўлиб ўтди.
“Ёшлар боғи ҳудудида кураш, шашка, шахмат, арқон тортиш, бокс, тош кўтариш, мини футбол, волейбол, енгил атлетика, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.
Бундан ташқари, комбинат ишчи-ходимларига 2021 йилда ҳақиқатда ишлаган даврига мутаносиб равишда лавозим(ойлик) оклади, ойлик тариф ставкалари миқдорида бир марталик мукофот пули тўланди.
Шунингдек комбинат таркибий бўлинмаларига бириктирилган бир қатор махсус таълим муассасаларида ҳам байрам дастурхони ташкил этилди.
Шерали Кучаров
Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўйича етакчи мутахассис