24.05.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан Мўйноқ туманидаги «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳида «2022-йилнинг ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил этиш» мавзусидаги ҳудудий семинар ташкил этилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги барча болалар оромгоҳлари раҳбарлари, уларда фаолият кўрсатувчи педагог ва техник ходимлар, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Маданият, Спортни ривожлантириш вазирликларининг маъсул ходимлари, шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этиладиган «Соғломлаштириш майдончалари» фаолиятига шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлимларидан маъсул этиб белгиланган ходимлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари иштирок этдилар.
Дастлаб семинар қатнашчилари «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳида жорий йилги ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари А.Данияров, Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мувофиқлаштирувчи гуруҳи раиси ўринбосари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменов, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Б.Султонов ёзги соғломлаштириш мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича олдинда турган долзарб вазифалар юзасидан батафсил тушунтиришлар бердилар.
Халқ таълими, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Маданият, Спортни ривожлантириш вазирликлари масъуллари ўз чиқишларида оромгоҳларда ўғил-қизларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш ва соғломлаштириш, маънавий ва жисмоний камолотига муносиб ҳисса қўшиш борасида олиб борилиши лозим бўлган асосий вазифалар хусусида алоҳида тўхталдилар.
Семинар якунида жорий йилги ёзги соғломлаштириш мавсумини сифатли ва мазмунли ўтказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати