27.05.2022. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимидаги касаба уюшма ташкилотлари ёшлар билан ишлаш комиссиялари раисларининг малакасини ошириш бўйича “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасасида ўқув бўлиб ўтди.
Ўқув дастури “Касаба уюшмалари тизимида ёшлар сиёсати самарадорлигини оширишда ёшлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятининг ўрни ва истиқболи” мавзуси асосида тузилган бўлиб, бунда белгиланган асосиймақсад ёшларни ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда ёшлар сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича келгусида ёшлар фаолияти самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Ўқув Ўзбекистон Респбуликасининг Давлат мадҳияси садолари остида бошланди. Шунингдек, ёшлар Ўзбекистон касаба уюшмаларининг “Касаба уюшмам” мадҳияси ҳам ёшлар томонидан биргаликда айтилди.
Ўқув ҳафтасини Республика кенгаши раиси М. Халилова ва институт ректори, юридик фанлар доктори И.Умарахунов расман очиб, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга, жумладан, ёш кадрлар истиқболига қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритиб, ёшларнинг янада фаол бўлишга, фидойилик билан ишлашга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга чорладилар. Шунингдек, улар томонидан касаба уюшмалари фаолиятида сўнги йилларда меҳнаткашлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониялар борасида маълумот берилди.
Ўқув машғулотлари давомида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” ижросини таъминлашга кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дастурида белгиланган вазифалар тўғрисида”, “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик”, “Ёшлар бирлашмаси ва бошланғич ташкилотларнинг ёшлар билан ишлаш комиссиялари фаолияти тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунни амалиётда қўллаш”, “Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида касаба уюшмаларининг вазифалари”, “Меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик асослари. Жамоа шартномаси ва келишувларини тузиш ва расмийлаштириш тартиби” каби мавзуларда маърузалар ўқилди.
Ҳафта давомида тингловчилар касаба уюшмаси фаолиятига оид назарий билимларга эга бўлиб, семинар-тренинглар давомида яна бир бор мустаҳкамладилар.
Машғулотлар давомида асосий эътибор ёш кадрларнинг эгаллаган билимлари асосида келгусида жамоа билан самарали фаолият олиб боришларига, корхоналарда ишлаётган ёшлар билан амалий ишлашда кўникма ҳосил қилишга қаратилди.
Тингловчилар ўқув дастурига кўра маданий тадбир доирасида Ўзбек Миллий академик драма театрига бордилар ва театр жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Садоқат билан” спектаклини томоша қилдилар. Спектакль ватанпарварлик, ҳалоллик ва садоқат тушунчаларини тараннум этганлиги билан ёш лидерларга катта маънавий озуқа берди.
Ўқув сўнгида тингловчиларга 40 соатлик ўтилган мавзулар юзасидан якуний тест синовлари асосида Республика кенгаши раиси М. Халилова ва институт ректори, юридик фанлар доктори И.Умарахунов томонидан сертификатлар топширилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.