[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.05.2022. Ўзбекистон Авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми бўлиб ўтди.

Унда  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Б. Махмадалиев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппарати Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Исаев, Юридик бўлими мудири Х.Премкулов, Ташкилий ишлар бўлими мудирининг ўринбосари Р.Самарбеков иштирок этдилар.

Пленумда ташкилий масала кўриб чиқилди. Жумладан, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг раиси Шавкат Мингалиев пенсияга кетиши муносабати билан ўз ҳоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Масала юзасидан сўзга чиққан Б.Махмадалиев бугунги кунда авиация тармоғида кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, хусусан аэропортлар замон талабларига мувофиқ равишда реконструкция қилиниб, фаолиятга илғор ахборот технологиялари фаол жорий этилаётгани, замонавий ҳаво лайнерлари сони тобора ортиб бораётгани хусусида тўхталди. Шунингдек, мазкур жараёнларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги, бунда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ва ижтимоий ҳамкорлар ўртасида имзоланган тармоқ келишувлари ҳамда жамоа шартномаларининг аҳамияти таъкидланди.  Жумладан, 2019-2021 йилларда тармоқ келишувлари ва жамоа шарономалари орқали соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 26 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани қайд этилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш иш берувчилар ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. 2019-2021 йилларда улар ижтимоий шериклигида меҳнатни муҳофаза қилиш мақсадларига               10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмасининг халқаро алоқалари географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда  тармоқ касаба уюшмаси Авиация ходимлари касаба уюшмалари халқаро бирлашмасининг аъзоси ҳисобланади, Озарбайжон, Беларусь, Россия, Тожикистон давлатларининг турдош касаба уюшмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланиб, амалга оширилмоқда.

Б.Махмадалиев юқорида қайд этилган ишларда 20 йил давомида тармоқ касаба уюшмасига раҳбарлик қилиб келган Шавкат Мингалиевнинг алоҳида хизматларини қайд этиб ўтди.

Республикада касаба уюшмалари ҳаракатини ривожлантириш ва жамиятда тутган ўрни ҳамда нуфузини оширишга қўшиб келаётган муносиб ҳиссаси, Авиация ходимлари касаба уюшмасини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун Шавкат Мингалиевга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

Масала юзасидан сўзга чиққан “Тошкент халқаро аэропорти” давлат унитар корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Улуғбек Бабаханов, “Uzbekistan airways techniks” авиакорхонаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Лариса Скопина ўз сўзларида Шавкат Мингалиевнинг тармоқ касаба уюшмаси фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Шунингдек, касаба уюшма фаоллари Шавкат Мингалиев катта тажрибага эга эканлигини, унинг бу тажрибасидан келгусида ҳам тармоқ касаба уюшмаси фаолияти самарадорлигини оширишда фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Фаолларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда Шавкат Мингалиевнинг Авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатиши таклифи Пленум иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Пленумда шунингдек, Авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, авиация соҳасида          45 йиллик иш тажрибасига эга бўлган Назиров Улуғбек Азизович бир овоздан мазкур лавозимга сайланди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати