01.06.2022. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Навоий вилояти кенгаши томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган даврда Нурота ногиронлиги бўлган эркаклар мурувват уйининг 186 нафар ишчи-ходими бошланғич ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Натижада тизимдаги бошланғич ташкилотлар сони 44 тага етди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган замондошларимизни касаба уюшмалари тизимига жалб этишнинг янги механизми яратилди. Аввалига улар ижтимоий ҳимояга олинди, мавжуд муаммолари касаба уюшмалари вакилларининг бевосита аралашуви билан ижобий ҳал қилинди. Сўнгра аксарияти ўз ихтиёр лари билан тизимга аъзо бўла бошлашди. Қисқа муддатда вилоят бўйича 13 та нодавлат ташкилотда меҳнат қилаётган 53 нафар ходим касаба уюшмаси ҳимоясига олинди.
Тизимда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонун ҳужжатларига амал қилиш, «Ишонч телефонлари»нинг мунтазам ишлашини йўлга қўйиш, меҳнат интизоми устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида кенгашнинг тасдиқланган режасига асосан вилоят муассасаларидан 7 тасида ўрганиш ўтказилиб, улардан 6 тасига муаммолар юзасидан тақдимномалар киритилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят кенгаши масъуллари ҳамда меҳнат ҳуқуқи инспекторлари томонидан 1325 нафар ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, уларга иш берувчилар ҳисобидан 52 миллион сўмдан зиёд иш ҳақи ундириб берилди. Шу ўринда Тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бош қармаси билан ҳудудий тармоқ келишуви имзоланганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида 400 нафар ишчи-ходимнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмга имтиёзли ҳолда саёҳати ташкил қилинди. Тармоқ ходимлари бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун 16 та корхонанинг 230 нафар ходими турли концерт дастурларига, музейларга олиб борилди. Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан «Сизга таъзимдамиз, азиз ҳамширалар!» шиори остида унутилмас байрам тадбирлари ташкил этилди.
Феруза Раҳимова
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг навоий вилояти кенгаши раиси