04.06.2022. Хар йилнинг 1 июнь куни “Халқаро болаларни химоя қилиш куни” сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” куни сифатида ҳам эътироф этилади.
Дунёдаги барча болалар ҳаёт давомчилари, келажак ва эртанги куннинг эгалари ҳисобланади. Уларни яхши тарбиялаш, асраб-авайлаш, баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат ва оиланинг муқаддас бурчидир.
Ёзнинг биринчи куни дунёнинг деярли барча мамлакатларида келажагимиз эгалари бўлган болажонлар учун турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ўтказилиб, уларга совға-саломлар улашилади.
Ушбу кун муносабати билан ОКМК АЖ рахбарияти, Ёшлар иттифоқи, комбинат ходимлари касаба уюшмаси томонидан ҳам Олмалиқ шаҳридаги “Болажон” боғида байрам тадбири ташкил этилди.
Жумладан, комбинат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари томонидан тайёрланган кўнгилочар ўйинлар ва китобхонликни тарғиб қилувчи совринли викториналар ўтказилди. “Бахтли болалик” шиори остида асфальтга расм чизиш танлови ташкил этилиб, ғолиб болажонлар бадиий адабиётлар билан тақдирланишди.
Айниқса, ОКМК АЖ ходимлари касаба уюшмаси жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан ташкил этилган шахмат, стол тенниси, белбоғли кураш, эркин кураш, енгил атлетика каби спорт турлари бўйича мусобақаларда ҳам бахслар шиддатли кечди ва албатта ғолиб келган болалар тақдирланишди.
Комбинатнинг Марказий тахлил лабораторияси ходимлари томонидан тақдим этилган “Қувноқ лаборатория” номли кўргазмасидан жой олган қизиқарли кимёвий тахлиллар болажонларда катта таассурот қолдирди. Болажонларнинг ўзлари ҳам бевосита кимёвий тахлилларни амалга оширишди.
“Металлург” МС ижодий гурухлари томонидан тайёрланган концерт дастури, турли эртак қахрамонларининг чиқишлари келажагимиз ворислари учун ажойиб совға бўлди.
Байрам муносабати билан, ташқилотчилар томонидан “Болажон” боғига ташриф буюрган жажжи ўғил-қизларга музқаймоқлар улашишди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Кончилик ва Металлургия саноат ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида ўз ижодий ишлари билан қатнашган шаҳримизнинг 20-ИДУМ 5-синф ўқувчиси Сухроб Абдусамиевга комбинат раҳбарияти томонидан компьютер жамланмаси ва принтер совға қилиши белгиланган эди. Ушбу совғалар бугун ўз эгасига тантанали равишда топширилди.
Комбинат касаба уюшмаси томонидан комбинат тассурруфида бўлган мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун уқув-қуроллар жамланмалари ажратилди. Бўка шахридаги 15-сонли Мехрибонлик уйининг 53 нафар тарбияланувчилари учун байрам дастурхони ҳамда маданий тадбир ташкил этилди.
Фароғат Маткаримова
“Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси Маънавият ва маърифат масалалари бўйича комиссия раиси