[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.06.2022. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Фарғона вилоятининг Сўх туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган «Сўх» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси, кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, элимиз ардоғидаги устоз ва мураббийлар, таниқли ижодкор ва санъаткорлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, ота-­оналар ҳамда болажонлар иштирок этдилар.

Тадбирда ташкилотчилар бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар.

– Муҳтарам Президентимизнинг юксак эътиборлари натижасида ўтган беш йил ичида Сўхда улкан тарихий янгиланишлар амалга оширилди, – дея таъкидлади ўз сўзида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Сенатор Қудратилла Рафиков. – Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилояти Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда унинг ижроси натижасида амалга оширилаётган ўзгаришлар фикримизнинг ёрқин далилидир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, бундан атиги беш-олти йил илгари кимдир Сўхга вилоят марказидан авиарейслар қатнови йўлга қўйилади, сўхлик ёшлар учун олий таълимда махсус грантлар ажратилади, турли имтиёзлар берилади, деса биров ишонармиди?! Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг ўз халқига, хусусан, сўхликларга бўлган қайноқ меҳри ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир! Бугун тантанали равишда фойдаланишга топширилаётган ушбу муҳташам ва замонавий типда бунёд этилган иншоот – “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам Президентимиз ташаббуси ва эътиборлари натижасидир.

Шунингдек, тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, Сўх тумани аҳолисига, хусусан,  ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, эҳтиёжманд оилаларга яратилаётган шарт-шароитлар, турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда таъкидланганидек, умумий майдони қарийб 5 гектар бўлган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, ёзги мавсум давомида              5 навбатда жами 1000 нафар бола дам олдириб, соғломлаштиришга мўлжалланган. Ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун 27 миллиард 560 миллион сўм маблағ йўналтирилганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.

“Сўх” оромгоҳида ўғил-қизларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши билан бирга, жисмонан чиниқиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, билимларини оширишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан маънан ва жисмонан соғлом авлод тарбияси борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг натижалари нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу маънода жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида фаолият кўрсатади. Бунинг учун ушбу масканда барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, Сўх аҳли фарзандлари учун Президентимизнинг ажойиб туҳфаси бўлган ушбу оромгоҳда барча қулайликларга эга Маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар заҳирасига эга замонавий Ахборот-ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган салобатли тантаналар майдони, ярим очиқ амфитеатр, тиббиёт хонаси, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи сузиш ҳавзаси, спорт ва болалар майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, шийпонлар, ложувард фаввора, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювиниш хоналари барпо этилиб, замонавий мебел ва жиҳозлар билан таъминланди ҳамда болажонлар ихтиёрига топширилди. Шунингдек, дам олиш масканида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Оромгоҳда ота-оналар учун шинам суҳбат айвончалари ҳам барпо этилди. Ушбу иншоотларнинг барчаси болажонларнинг ҳар томонлама камол топишига, маънан ва жисмонан соғлом авлод бўлиб вояга етишларига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Тантанали тадбирда янги барпо этилган оромгоҳнинг ҳақиқий эгалари бўлган сўхлик азиз болажонларга “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг рамзий калити, дам олиш маскани учун эса “Дамас” автомашинаси топширилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида баркамол авлодни тарбиялаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро экспертлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар эътиборини ҳам тортмоқда. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида йўналтириш амалиёти Ўзбекистонда яратилган ноёб тизимлардан биридир.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги беш йил давомида Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 8 та замонавий болалар оромгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада, ҳар йили қўшимча 9 минг нафар болани соғломлаштириш имконияти яратилди. Бугунги кунда ушбу оромгоҳларда меҳнаткашлар фарзандларининг мароқли ҳордиқ чиқаришлари таъминланмоқда.

“Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими Президентимиз ташаббуслари билан жорий йилнинг май ойида Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигидаги Хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси томонидан Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги 27 та маҳалла, Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳаллалари ҳамда Риштон туманининг “Чунғара” маҳалласидаги масъуллар ўртасида ташкил этилган “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши хотин қизлар фаоли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” танловларининг Сўх тумани бўйича ғолибларини тақдирлаш тадбирига уланиб кетди.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича самарали ҳамкорлик тизими жорий этилган бўлиб, бугун ушбу тизим ўз ижобий самарасини бермоқда. Мазкур танловлар ҳам аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилди.

 “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси” танловларида 3-ўринни қўлга киритган ғолибларнинг ҳар бирига диплом ва 20 миллион сўмдан пул мукофотлари, 2-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бирига диплом ва 30 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.

“Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси” танловларида 1-ўринни қўлга киритган ғолибларнинг ҳар бирига диплом ва Президент совғаси – автомобиллар калитлари тантанали равишда топширилди.

Тадбир ташкилотчилари томонидан ўзларининг фидойи меҳнатлари учун муносиб тақдирланган инсонлар яна бир бора самимий қутландилар.

Республикамизнинг энг сўлим гўшаларидан бири бўлган Сўх туманининг шириндан-шакар болажонлари учун барпо этилган оромгоҳни эса соғломлаштириш мавсумининг 1-навбатида дам олиш учун келган 200 нафар ўғил-қизнинг шўх-шодон кулгуларию, улар ижросидаги куй ва қўшиқлар садолари қуршаб олди.

Тадбирда таъкидланганидек, ушбу маскан Сўхнинг янада ривож топиши учун хизмат қиладиган ватарпарвар ёшлар етишиб чиқишидек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

Шундан сўнг тадбирга йиғилганлар эътиборига санъат усталари ва болажонлар ижросидаги концерт дастури ҳавола этилди.

Тантанали тадбир якунида ўтказилган мушакбозлик ва самога учирилган ранг-баранг шарлар барчага кўтаринкилик ва хуш кайфият улашди.

***

Худди шу куни Сўх туманининг марказий спорт майдонида туман аҳолиси учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда шоир ва ёзувчилар, адабиёт ва санъат намоёндалари, таниқли санъаткорлар иштирок этдилар.

Улар ижросидаги Она Ватанни, инсонийлик ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар туман аҳолисига хуш кайфият бағишлади.

Тадбирга йиғилган отахону онахонлар бугунги доруломон кунларга етганлари учун шукроналар айтиб, дуолар қилдилар. Она Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш учун завқу шавқи ва ғайрати жўш уриб турган ёшлар эса ўз ҳурсандчиликларини ижро этилган куй ва қўшиқларга монанд рақслари орқали ифода этдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари