09.06.2022. Жорий йилнинг 2-9 июнь кунлари Россиянинг турдош касаба уюшмаси “Росхимпрофсоюз” билан тузилган “Дўстлик ва ҳамкорлик Келишуви” доирасида Татаристон республикаси ташкилоти вакиллари Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрдилар.
Ташриф дастурига биноан, меҳмонлар “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши аппарати мутахассислари, тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ва касаба уюшма фаоллари билан учрашдилар.
Шунингдек, делегация аъзолари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасасида бўлиб, Федерация томонидан ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, кадрларни тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги кенг қамровли фаолият билан танишдилар.
Бундан ташқари, “Росхимпрофсоюз”нинг Татаристон Республикаси ташкилоти вакиллари “Навоийазот” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ касаба уюшма аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятига доир муҳим йўналишлар билан танишдилар, бу борада ўз тармоқларида олиб борилаётган ишлар билан ўртоқлашдилар.
Делегация аъзолари ташриф доирасида республикамизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий шаҳарлари ва олиб борилаётган кенг бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Ташриф якунида тарафлар ўзаро ўқувларни ташкил қилиш масалаларига бағишланган мажлисларда иштирок этиш, алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи