17.06.2022. Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг талаба-ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ватанни севмоқ иймондандир!” мавзусидаги иншолар танловининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган мазкур тадбирда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Камилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритган 45 нафар талаба-ўқувчилар иштирок этдилар. Ҳудудий студиялардан эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари раислари, жойлардаги диний таълим муассасалари раҳбарлари, танловнинг Республика босқичи иштирокчиларининг устозлари ҳамда ота-оналари қатнашдилар.
Тантанали тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиков олиб борди.
Таъкидлаш зарурки, “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида ўтказилган мазкур иншолар танловидан кўзланган мақсад – Юртбошимиз раҳбарлигида улкан янгиланишлар мамлакатига айланган ва бутун дунё эътироф этаётган Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғ мақсадлар йўлидаги ишларга, ҳамда бебаҳо қадрият ва анъаналарни давом эттирадиган, Ватан тақдири, юрт манфаатлари учун жонкуяр бўлган ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, шунингдек, талаба-ўқувчиларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, ўз фикрини ижодкорона етказиб бериш, ижодий, танқидий, креатив фикрлаш, ёзма нутқ, нотиқлик кўникмалари, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантиришдир.
Икки босқичда ташкил этилган Республика иншолар танловининг биринчи босқичида ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Хадис илми мактаби ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 3 мингдан ортиқ талабалари иштирок этди. Улар орасидан саралаб олинган 45 нафар талаба танловнинг Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Таъкидлаш зарурки, мазкур танлов ёшлар ўртасида ўтказилаётган тўртинчи илм ва заковат мусобақаси бўлиб, бу турдаги танловлар дастлаб умумтаълим мактаблари, ундан сўнг Темурбеклар мактаблари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган эди. Бундай мазмундаги танлов диний таълим ўқув муассалари талабалари ўртасида биринчи бор ўтказилаётганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Тадбирда таъкидланганидек, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли оқимлар, бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши тура оладиган интеллектуал етук шахс даражасида тарбиялай олиш бугунги кунда энг долзарб масалалардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларни замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракатлари билан бошқа кўплаб соҳалар қатори, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳам тўлиқ қайта ислоҳ қилиниб, жараёнлар халқаро стандартларга мослаштирилди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда илмий мактаблар ташкил этилди. Натижада бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида диний-маърифий йўналишдаги 3 та олий таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият олиб бормоқда. Мазкур таълим муассасаларида 400 нафарга яқин педагог-ўқитувчи, шу жумладан, фан докторлари, фан номзодлари ва фалсафа докторлари (PhD) ҳамда магистрлар фаолият кўрсатмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам, буюк алломалар эътироф этганидек, Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади ва нажот фақат ва фақат билимдадир! Айни шу мезонлардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Ватанни севмоқ иймондандир” ижодий ишлар танлови бугун ёшлар Ватанимиз равнақи, истиқболи учун ўзларини дахлдор деб билаётганларини, Ўзбекистон ёшлари ҳар соҳада илғор эканлигини, Ўзбекистон Республикаси Президенти мана шу ёшларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлодни вояга етказаётганини кўрсатди. Бу жиҳатлар диний-маърифий йўналишдаги олий ва ўрта махсус билим юртларининг талаба ва ўқувчилари ёзган ижодий ишларда ҳам ўз аксини топди.
“Ватанни севмоқ иймондандир” ижодий ишлар танловининг республика босқичи 2022 йилнинг 14-17 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилди.
Танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 45 нафар талаба ва ўқувчилар ҳамда уларнинг устозлари пойтахтимизда тантанали равишда кутиб олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Чинобод Плаза” санаторийсига жойлаштирилди. Ушбу масканда иштирокчилар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Танловнинг республика босқичи доирасида талаба ва ўқувчиларнинг депутатлар ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари, шунингдек, замонавий бунёдкорлик масканлари ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишувлари ташкил этилди.
Хусусан, танлов доирасида белгиланган тадбирлар дастурига мувофиқ дастлаб республика босқичи иштирокчилари Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) раҳбарияти, сиёсатшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашиб, “Янги Ўзбекистоннинг устувор мақсади – Учинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон адабиётида инсон маънавияти” мавзуларида суҳбат қурдилар. Қизиқарли савол-жавобларга бой бўлган очиқ мулоқотлар давомида шонли тарихимиз, дунёга илм берган, инсоният тамаддунларининг бошида турган аждодларимиз, уларнинг ислом илми билан бирга дунёвий илмларни ҳам пухта эгаллагани, хусусан, тиббиёт, астраномия, математика, мантиқшунослик, фалсафа каби ўнлаб соҳаларда боболаримиз бошлаб берган йўл бугун ҳам замонавий дунё илм-фанида дастурил амал бўлиб хизмат қилаётгани, Президентимиз Учинчи Ренессанснинг чин бунёдкорлари бугунги ёшлар эканлигини таъкидлаб, уларга катта ишонч билдираётганлари, худди шу мақсадларда Янги Ўзбекистонда ўғил-қизларнинг ўқиб билим олишлари, интеллектуал салоҳиятларини оширишлари учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилгани тўғрисида сўз борди. Ушбу мулоқот ва суҳбатлар жараёнида талаба ва ўқувчилар ўзларининг зукколиклари ва кучли билимга эга эканликларини намоён этдилар.
Шундан сўнг, иштирокчиларнинг шаҳримиз марказидаги замонавий бунёдкорлик намунаси бўлган “Tashkent City” мажмуаси, Конгресс-холл, “Hilton” меҳмонхонаси ҳамда Юлдузлар музейига саёҳатлари ташкил этилди.
Танловнинг иккинчи кунги танишув объекти “Янги Ўзбекистон” ва “Ғалаба” боғлари бўлди. “Янги Ўзбекистон” мажмуасида бўлган ёшлар она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида – Мустақиллик монументи пойига гуллар қўйиб, ҳурмат ва эҳтиромларини ифода этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси ва ташаббуси билан инновацион технологиялар асосида, Ўзбекистон халқининг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташкил этилган саёҳат ҳам талабаларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Шунингдек, ёшлар Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда намоён этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида бунёд этилган “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларида бўлдилар.
Шундан сўнг танлов иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва Ёшлар Парламенти вакиллари билан ташкил этилган мулоқот давомида “Тараққиёт стратегияси – келажак учун мустаҳкам замин” мавзусида суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат давомида талабаларга Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ва унинг муҳим аҳамияти хусусида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, уларга миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақида тушунчалар берилиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг билим ва кўникмаларини янада юксалтириш, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Мазкур учрашув ёшларда катта таассурот қолдириши билан бирга, қизғин савол-жавобларга бой бўлди.
Куннинг иккинчи ярмида танлов иштирокчилари пойтахтимизда бунёд этилаётган маҳобатли Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жараёнлари ва Ҳазрати Имом мажмуаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фаолияти билан танишдилар.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ректори Музаффар Камилов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Нуриддин Холиқназаров, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов билан ташкил этилган учрашувларда “Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликнинг асосий тамойиллари”, “Исломда Ватанга бўлган муҳаббат”, “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида танловнинг республика босқичи иштирокчилари Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг ўзлари танлаган соҳалар бўйича етук мутахассислар бўлиб шаклланишлари, билим ва салоҳиятларини оширишлари, иқтидорларини намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганини, мана шундай юртда яшаётганларидан бахтиёр эканликларини тўлқинланиб сўзладилар.
Шундан сўнг талаба-ёшлар Тошкент шаҳридаги “IT Techno park” фаолияти, “Шаҳидлар хотираси” ҳиёбони, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳамда Тошкент телеминораси бўйлаб саёҳатда бўлдилар. Шунингдек, “Темурийлар тарихи” давлат музейи, “Алоқа тарихи” музейига ташкил этилган экскурсиялар, шоир, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокидаги маданий тадбир талаба ва ўқувчиларда катта таассуролар қолдирди.
16 июнь куни танловнинг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзуида иншо ёздилар. Алоҳида қайд этиш зарурки, танлов иштирокчилари орасида ўз ижодий ишларини ўзбек, қорақалпоқ, инглиз, француз ва араб тилида ёзган ёшлар ҳам борлиги қувонарлидир.
Талабаларнинг иншолари эксперт мутахассислар ва ҳакамлар томонидан имловий саводхонлик, сўз бойлиги ва услубий маҳорат, мавзунинг тўлақонли очиб берилганлиги, мавзуга оид мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар, тарих, бугун ва истиқбол ҳақидаги тасаввурнинг кенглиги, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан шахсий муносабатнинг мавжудлиги ва улар бўйича хулосавий фикрларнинг мавжудлиги ҳамда уларни ифода этиш маҳорати каби мезонлар асосида холисона баҳоланди.
Таъкидлаш ўринлики, ёшларнинг ижодий ишларини баҳолаш осон бўлмади. Чунки, ҳар бир иншо мазмунли ва ўзига хос самимийлик билан ёзилган бўлиб, ўқувчиларнинг юксак иқтидор ва салоҳиятларини кўрсатиб берди. Талаба ва ўқувчилар ёзган иншолар улар қалбида Ватаннинг равнақи йўлида фидокорона хизмат қилиш истаги жўш ураётганини, уларнинг чуқур билимга, теран тафаккурга эга эканликларини кўрсатиши билан бирга мамлакатимизнинг эртанги куни ишончли қўлларда эканлигини ҳам намоён этди, десак, муболаға бўлмайди.
Ёшларга ўз салоҳиятлари намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берган мазкур танловнинг республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш тадбирида республика босқичига етиб келган барча талаба ва ўқувчиларга Президент совғаси сифатида Ноутбуклар топширилди.
Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг Республика босқичи иштирокчилари орасидан 1-, 2-, ва 3-ўрин ғолиблари ҳамда қатор номинациялар бўйича совриндорлар аниқланди. Хусусан, 3-ўринга 3 нафар иштирокчи, яъни, Тошкент Ислом институтининг 1-курс талабаси Эъзозхон Йигиталиева, Қорақалпоғистон Республикасидаги Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Азизбек Атамуратов, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 1-курс талабаси Равшанбек Абдураҳимов муносиб деб топилди. 3-ўринни эгаллаган талабаларга 3-даражали диплом ва 10 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.
Республика босқичида 2-ўринни қўлга киритган 2 нафар талаба, хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 3-курс талабаси Муҳаммадамин Маманов ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасасининг 1-курс талабаси Асрорбек Тешабоев 2-даражали диплом ва 20 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Танловда мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб 1-ўринни забт этган иштирокчи – Қашқадарё вилоятидаги “Ҳожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 2-курс талабаси Муртазо Мусаёровга 1-даражали диплом ва 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, танловда “Ёш ватанпарвар”, “Энг самимий дил изҳори”, “Истиқболга собит ишонч”, “Фидойилик руҳи”, “Маърифат руҳи”, “Чет тилида равон ёзилган иншо”, “Энг яхши ижодий ёндошув”, “Теран талқинлар”, “Энг яхши ватанпарварлик ғояси”, “Миллий руҳ”, “Беғубор туйғулар”, “Безовта қалб” номинациялари бўйича совриндорлар ҳам аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Танлов ғолибларининг устозлари ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир давомида иншолар танловининг республика босқичи иштирокчилари ва ғолиблар, уларнинг устозлари ва ота-оналари сўзга чиқиб, бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятларини эркин намоён этишлари учун яратиб берилаётган шароит ва имкониятларни эътироф этдилар ҳамда Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Бир сўз билан айтганда “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танлови Янги Ўзбекистон ёшларининг ўз Она Ватанини чин юракдан севишларини намоён этиши билан бирга, бугун олаётган билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб, келгусида мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилиш уларнинг эзгу мақсади эканлигини ҳам кўрсатди. Шу маънода танловнинг республика босқичига етиб келган ва юксак иқтидор эгалари бўлган барча иштирокчиларни ғолиб десак, муболаға бўлмайди. Чунки, Ватани ва миллати бахту саодати йўлида кўзи ёниб, юраги жўш уриб турган, Она Юрт хизматига шай бўлган инсонни ҳеч ким ва ҳеч нарса енга олмайдия.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари