20.06.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши ҳамда Россия Федерациясининг Свердловск вилояти касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувига мувофиқ жорий йилнинг 11-13 июнь кунлари Челябинск шаҳрида “Касаба уюшмаларининг инновацион дастурлари” мавзусида бўлиб ўтган касаба уюшмаларининг XII Ёшлар йиғинида Федерация марказий аппарати ва Хоразм вилояти кенгашининг масъуллари иштирок этдилар.
XII Ёшлар йиғини доирасида ташкил этилган тадбирлар Челябинск шаҳридаги “Сеҳрли шаҳарча” (“Вольшебний городок”) пансионатида бўлиб ўтди. Йиғин дастурига мувофиқ маданий-маърифий тадбирлар, шунингдек турли спорт ўйинлари ташкил этилди.
Ташриф давомида “Касаба уюшмалари ҳаракатининг долзарб масалалари ва унда ёшларнинг ўрни” мавзусида ўзаро фикр алмашилди. Мавзу юзасидан иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, ўзаро тажриба ва фикр алмашдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги маълум қилинди. Ёшлар учун ташкил қилинаётган турли танловлар, акциялар россиялик касаба фаолларида катта қизиқиш уйғотди.
Жумладан, Жамоа келишуви ва шартномаларида ёшлар манфаатлари алоҳида бобда ифодаланганлиги иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд ва Хива каби қадимий ва диққатга сазовор шаҳарлари ҳақида қисқача маълумот берилди ҳамда эсдалик совғалари алмашилди.
Мазкур тадбир ҳар икки томон учун самарали тажриба алмашинувига сабаб бўлиб, ёшларни қўллаб-қувватлашда касаба уюшмаларининг ўрнини янада ошириш юзасидан ҳамкорликда дастурлар ишлаб чиқиш келишиб олинди.
Бахтиёр Исмоилов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгашининг Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси