01.07.2022. Олмалиқ кон-металлургия комбинати Акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг 30 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. “Оламни маҳлиё айлаган диёр” шиори остида ўтказилган тадбирда комбинат ишчи-ходимлари, касаба уюшмаси фаоллари иштирок этдилар.
Унда сўз олган иштирокчилар барча давлат рамзлари қатори герб ҳам халқимизнинг ғурури, ор-номуси, миллий ўзлигини англаши ва тарихий хотираси ҳамда орзу-умидларини ўзида мужассам этишини таъкидладилар. У олий саодат — Истиқлолимиз рамзи, ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун чексиз фахру ифтихор манбаи эканлиги, Давлат герби мамлакатнинг сиёсий, миллий, географик, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятлари, бой тарихий анъаналарини ифодалаши, ундаги ҳар бир тимсол эса миллий анъана ва қадриятларимизнинг боқийлиги, маънавиятимиз юксаклиги, ирода ва эътиқодимиз мустаҳкамлиги рамзи эканлигини ғурур билан қайд этдилар.
Тадбир иштирокчилари, хусусан ёшларга Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Давлат герби думалоқ кўринишга эга бўлиб, шаклнинг сўл томони ризқ-рўзимиз тимсоли — буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса ўзбекнинг донғини дунёга таратган бебаҳо бойлигимиз — чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган. Узоқдаги тоғлар ва дарёлар манзарасида гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради.
Гербнинг юқори қисмида эса Ўзбекистон озодлигининг рамзи сифатида саккизбурчак юлдуз, унинг ички қисмида яримой ва юлдуз маъноси мамлакат аҳолисининг кўп қисми ислом динига этиқод қилиши, марказида — бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган.
Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини ифода этувчи чамбар тасмасига „Ўзбекистон“ деб ёзиб қўйилган. Шунингдек, қонунчиликда миллий рамзларга ҳурматсизлик жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир давомида “Металлург” маданият саройи бадиий жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури ҳам намойиш этилди.