[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.07.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Биз – спортчи оиламиз!» шиори остида оилавий спорт мусобақалари ўтказилди.

Ишчи-ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини оммавий спорт турларига жалб этиш, шу орқали уларни фойдали ва мазмунли ҳаракатга йўналтириш, соғломлаштириш, жамоа бўлиб ҳаракат қилишга ўргатиш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақада оилалар спортнинг 7 тури бўйича беллашишди. Барча вилоятларда спортчи оилалар ушбу беллашувда югуриш, тўпни нишонга отиш, тезлик ва эпчиллик эстафетасида ўз маҳоратларини намойиш этишди ва жамоалар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Мусобақа иштирокчилари «Энг чаққон оила», «Ғалабага бўлган интилиши юксак оила», «Энг аҳил оила», «Энг фаол оила» каби бир қатор номинациялар бўйича ҳам тақдирланишди.

Ушбу мусобақанинг ҳудудий босқичларида 1-ўринни эгаллаган оилалар республика босқичи, яъни финалда иштирок этиш учун Наманганда тўпланишди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросими Наманган шаҳридаги «Уч фаввора» хиёбонида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, Федерациянинг «жисмоний тарбия ва спорт» унитар корхонаси директори Баҳодир Тожиев ҳамда Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Нуриддинов иштирок этишиб, барча қатнашчиларга омад тилашди.

Қизғин ва муросасиз ўтган беллашувларда республикамизнинг барча вилоятларидан келган оилалар кўп сонли мухлислар қаршисида ўзларининг эпчилликларини намойиш этишди.

Мусобақа якунлангач, ҳая жонли дақиқалар бошланди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Бухоро вилоятидан келган Ҳасан Эшовлар оиласи учинчи, Сирдарё вилоятидан иштирок этган Аҳмад Ҳаққуловлар оиласи иккинчи, ва ниҳоят, Қорақалпоғистондан келган Рустам Ҳайдаровлар оиласи эса биринчи ўринни қўлга киритишди. Мусобақа ғолиблари ва иштирокчилар тантанали равишда тақдирланишди. Совриндор оилаларга кубок ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Орзугул Рустамова