19.07.2022. Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бирлашган касаба уюшма қўмитаси ходимларга яхши кунларида ҳам, ташвишли дамларида ҳам елкадош бўлмоқда.
Бунга мисоллар кўп. Яқинда Қамаши тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси катта инспектори Равшан Эрдонов фарзандининг суннат тўйини ўтказди. Қўмита аъзолари Эрдоновнинг ёнида турди.
Ғузор тумани ички ишлар бўлими ташкилий бўлинма мурожаатлар билан ишлаш катта инспектори Боймурод Ҳамроев суяк емирилиши дардидан азият чекарди. Даволаниш пайтида унга ҳам бирлашган қўмита тегишли кўмак кўрсатди.
Умуман олганда, жорий йилнинг ортда қолган даври мобайнида 20 нафардан зиёд ходимга моддий ёрдам ажратилди, пенсиядагилар, ётиб қолган фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат жамланмалари тақдим этилди.
– Ички ишлар соҳасида меҳнат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини суряпман, – дейди меҳнат фахрийси Тамара Зинченко. – Ҳар бир байрам арафасида йўқлаб келишади. Ўйлаб қарасам, яхшиларнинг эътибори, ғамхўрлиги ҳам узоқ умр кўришимнинг асосий сабабларидан бири экан.
Йил бошидан буён ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида бирлашган қўмита 37 та санаторий йўлланмаси ажратди. 48 нафар аъзонинг Хива шаҳрига саёҳати уюштирилди. Йил охиригача яна Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бориш режалаштирилган.
Шаҳрисабз туман Шўржи қишлоғида жойлашган «Гулистон» болалар оромгоҳи айнан вилоят ички ишлар бошқармаси тасарруфида. Ўтган йили капитал таъмирланган дам олиш масканида айни пайтда 120 нафар ўғил-қиз мароқли ҳордиқ чиқармоқда. Табиийки, бирлашган қўмита ҳам ёзги соғломлаштириш мавсумида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, оромгоҳ кутубхонасига янги китоблар олиб берилди. Ўтказиладиган спорт мусобақалари ҳамда турли интеллектуал ўйинларда фаол қатнашган болалар қўмитанинг эсдалик совғалари билан тақдирлаб борилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, бошқармада ходимлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари кенг ўтказилади. Тез-тез ташкил этиладиган «Ёш китобхон», «Заковат» танловлари эса ходимларни вилоят ИИБ кутубхонасига фаол аъзо бўлишга ундайди.
Таъкидлаш жоизки, бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Қиём Омоновнинг ташкилотчилиги, барча туманлардаги ички ишлар бўлимлари билан ишчан ҳамкорлик, мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйгани аъзоларнинг касаба уюшма ташкилотига бўлган ишончини оширмоқда. Бирлашган қўмита тузилганига ҳали ҳеч қанча фурсат ўтмаган бўлса-да, 3562 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари касаба уюшма афзаллигини теран ҳис қилиб улгуришди…
Акмал Абдиев