11.08.2022. Жорий йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми қизғин давом этаётган айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам болажонлар мириқиб ҳордиқ чиқармоқдалар. Ушбу масканда ўғил-қизларни нафақат жисмоний соғломлаштириш, балки маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида “Қуёшли”даги салқин об-ҳаво танга ҳузур бағишлайди.
Тошкент вилоятининг хушманзара ва баҳаво Чимён қишлоғида, она табиатнинг сўлим қучоғида жойлашган ушбу масканда болажонлар дам олиш билан бирга турли мавзулардаги маданий-маърифий тадбирлар, театрлаштирилган томошаларда ҳам иштирок этиш имконига эгалар. Оромгоҳ маъмурияти бунинг учун махсус дастурларни ишлаб чиққан.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида болажонларнинг жисмонан чиниқишлари, маънавий камол топишлари ва ўз билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, – деди “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари Йўлчибой Раҳимжонов. – Хусусан, бой китоб заҳирасига эга бўлган кутубхона, Интернет тармоғига уланган компютер хонаси, хореография зали, вокал хонаси, очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, энг замонавий услубларда барпо этилган ложувард сузиш ҳавзаси, қулай ва шинам ётоқ бинолари, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланаётган ошхона болажонлар хизматида. Оромгоҳда болажонларнинг ҳар бир дақиқалари мазмунли ўтиши учун барча имкониятлар яратилган. Айниқса, бу масканда фаолияти йўлга қўйилган тўгарак хоналари барча зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, ўғил-қизлар табиат қучоғидаги ноанъанавий машғулотлар билан қамраб олинмоқда. Болажонлар учун турли викториналар, танловлар, мусобақалар, назм ва наво кечалари ташкил этилмоқда. Оромгоҳда ташкил этилаётган спорт мусобақаларида эса мириқиб ҳордиқ чиқараётган ўғил-қизлар футбол, волейбол, сузиш, стол тенниси, шахмат, шашка, енгил атлетика ва арқон тортиш бўйича дўстона беллашадилар. Чунки, оромгоҳимизда спорт мусобақаларига ҳам катта эътибор қаратилади.
Ҳақиқатдан ҳам сўлим ва баҳаво оромгоҳ бир қарашдаёқ кишининг ҳавасини келтиради. Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Ушбу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган. Оромгоҳдаги тозалик, саранжо-саришталик дам олиш масканига янада файз ва кўрк бахш этиб турибди.
“Қуёшли” оромгоҳида Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб турли тантанали тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, дам олиш мавсумининг 5-навбатида дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғоясини ўзида мужассам этган маданий-маърифий тадбир давомида республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти, уларнинг барчаси инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, давлатимиз томонидан ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг аҳамияти болаларга саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида болажонлар Она Ватанимиз, Мустақиллик берган имкониятлар, барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар.
Тадбирга йиғилган барча болажонлар кўзида порлаган қувонч, улардаги теран фикр ва шижоат мамлакатимизда баркамол авлод тарбияси йўлида амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатларнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бора намоён этди. Зеро, жисмонан соғлом, маънавий етук, юксак интеллектуал билим ва салоҳиятга эга ўғил-қизлар буюк келажагимиз эгаларидир.
Куни кеча эса ҳордиқ чиқараётган болажонлар ўртасида ўзлари қизиққан соҳалар, хусусан, рассомчилик, аппликация ясаш, моҳир қўллар каби тўгаракларда ўрганган ва ўз қўллари билан ясаган ўйинчоқлар, эртак қаҳрамонлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Мазкур кўргазма болалар ўртасидаги санъат фестивалига уланиб кетди. Унда болажонлар қўшиқчилик, рақс, халқ оғзаки ижоди йўналишларида ўз ижод намуналари билан иштирок этдилар. Болажонлар табиат қўйнида Она юртни мадҳ этувчи жарангдор куй ва қўшиқлар, жозибадор рақсларни ижро этдилар. Уларнинг ҳар бир чиқиши барчани бирдек руҳлантириб, жаннатмакон диёримизга бўлган меҳр-муҳаббатлари нечоғлик юксак эканлигини яна бир бора намоён этди.
Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад – ёш авлод вакиллари қалбига Она Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат каби туйғуларни янада чуқурроқ сингдиришдир.
Тадбирлардан сўнг болажонлар учун “Лазер-шоу” томошаси намойиш этилди.
Мухаббат Ўрманбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари