10.09.2013. Жорий йилнинг 10 сентябрь куни пойтахтимиздаги муҳташам “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг III Республика Форуми” ўтказилди.
Унда 2013 йил ёзги соғломлаштириш мавсуми ташкилотчилари, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлиги бугун ўз самарасини бермоқда. Ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу жараёнларда болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишидаги ишлар ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг ташкил этилиши ижтимоий шериклик асосида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти уйғунлигини таъминлади. Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатларга хос бўлмаган тажрибаси, яъни, болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳаморликдаги имкониятларини йўналтириш амалиёти бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркибида тегишли вазирлик мутасаддилари таркибида ташкил этилган 5 та Ишчи гуруҳи ва Ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ҳар бир ҳудудда мавсумнинг намунали ва уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашида ташкил этилган доимий Штаб фаолияти мазкур йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш ва юзага келган масалаларни жойида ҳал этиш имкнини берди.
Мавсумнинг Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси”га мувофиқ ташкил этилиши болаларни соғломлаштириш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш билан бирга оромгоҳлар фаолияти сифати ва самарасини оширди. Шунингдек, болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўлами кенгайди. Оромгоҳлар фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари сифатида эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш масканига айланди. Тегишли вазирликлар билан ишлаб чиқилган махсус дастурлар асосида оромгоҳларда тарбиявий йўналишлардаги ишлар ва тадбирлар мазмуни тубдан янгиланиб, маънавий жиҳатдан бойитилди. Барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда “Мустақилик менинг тақдиримда”, “Касаба уюшмалари – болаларга”, “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” болалар акциялари ўтказилди.
Оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ҳар бир йилга мўлжалланган Манзилли дастурларнинг тасдиқланиши болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техник негизини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш ва янги оромгоҳлар барпо этиш имконини бермоқда.
Бу йилги мавсумда республика миқёсида 1058 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, шу жумладан, 268 та стационар туридаги ва 790 та кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 293 минг 866 нафар бола дам олдирилди. Бу кўрсаткич белгиланган режанинг 108,7 фоизини ташкил этди.
Тизимли янгича ёндошув самараси ўлароқ ихтисослаштиришлган оромгоҳларнинг йўналишлари кўпайтирилиб, фаолият сифати оширилди. Хусусан, “Интеллектуал ривожлантириш”, “Ҳарбий-спорт” оромгоҳлари билан бир қаторда “Ижтимоий мослашув”, “Экологик-биологик”, “Ўлкашунослик”, “Техник ижодкорлик” йўналишларидаги ҳамда ўсмир ёшдаги болалар учун “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари ташкил этилди.
Республикамизнинг турли ҳудудларида бу йил учинчи маротаба фаолияти йўлга қўйилган “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳордиқ билан бирга ўзларини қизиқтирган касб ёки ҳунар бўйича илк кўникмаларга эга бўлдилар. Касаба уюшмалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган 59 та мазкур йўналишдаги оромгоҳларда 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳордиқ чиқариш билан бирга ижтимоий фойдали меҳнатга йўналтирилдилар.
Болалар соғломлаштириш оромгоҳларига ижтимоий ҳимояталаб, кўп болали оилалар фарзандларини жалб этиш кўлами оширилиб, қатор жамоат ташкилотлари билан бир неча лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Болалар ижтимоий мослашув Маркази билан ҳамкорликда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида жисмоний имконияти чекланган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари имтиёзли соғломлаштирилди. “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ҳудудларда кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг 600 нафар фарзанди соғломлаштирилди. Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда “Ҳарбий-спорт” оромгоҳларида Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлимлари рўйхатида турувчи болалар соғломлаштирилди.
“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида “Меҳрибонлик” уйлари ва мактаб-интернати тарбияланувчиларидан 3 минг 900 нафари имтиёзли соғломлаштирилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда амал қилаётган жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 70 минг нафардан ортиқ фарзандлари болалар соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди.
Оролбўйи фарзандлари дам олувчи оромгоҳлар географияси кенгайтирилди. Хусусан, ушбу ҳудуддан 4500 нафар ўғил-қиз Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда соғломлаштирилди.
Барча оромгоҳларда ички ишлар, тиббиёт, коммунал-маиший соҳалар ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилди.
Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг III Республика Форумини ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам Республикамизда болаларни соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишдир.
Мазкур тадбирда Республика бўйича энг яхши деб топилган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, уларда фидоийлик билан меҳнат қилган ходимлар, оромгоҳлар фаолиятини намунали ташкил этишда катта ёрдам кўрсатган вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, ҳомий ташкилотлар ва ҳамкорлар Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан тақдирланди. Хусусан, улар “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг ғамхўр тарбиячи”, “Энг яхши тиббиёт ходими”, “Энг фаол етакчи”, “Энг моҳир тўгарак раҳбари”, “Энг чаққон спорт мураббийи”, “Энг яхши пазанда”, “Энг фаол ички ишлар идоралари ходими”, “Энг ғамхўр хомий”, “Энг жонкуяр ҳоким”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, “Энг яхши ҳамкор”, “Мавзуни энг яхши ёритган журналист” номинациялари бўйича рағбатлантирилдилар. “Энг намунали болалар оромгоҳи” номинацияси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатган 16 та оромгоҳ тақдирланди.
Номинантлар “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови Низоми ва энг яхши фаолият кўрсатган ходимларни аниқлаб берувчи Низом асосида сараландилар. Форум мавсум давомида ташаббускорлик ва фаоллик кўрсатган инсонларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали янги муваффақиятларга руҳлантирди.
Номинантларга Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи дипломи, “Бахтиёр болалар мамлакати” статуэткаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати