25.08.2022. М.Охунова Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида инспектор лавозимида ишлаб келаётган эди.
Бироқ, ишга жойлаштириш инспектори лавозими қисқартирилганлиги сабабли М.Охуновага 2021 йил 27 декабрда Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан 2 ойдан сўнг бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилган.
Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг 2022 йил 8 апрелдаги 38/1-сонли буйруғига асосан М.Охунова марказнинг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига ўтказилган. Буйруқ қабул қилинишига Меҳнат кодексининг 92-моддаси ҳамда ходимнинг розилик хати асос қилинган.
Лекин бир оз вақт ўтгач, марказ директори томонидан М.Охунова инспектор лавозимига қайтарилиб, марказнинг 2022 йил 8 апрель кунги 38/1-сонли бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруғи бекор қилинган. Бунда Бош бошқарманинг М.Охуновани Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига ўтказишда амалдаги қонун хужжатларига риоя қилинмаганлиги юзасидан 2022 йил 30 майда киритган тақдимномаси асос қилинган.
Тақдимномада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги Низомнинг 27-бандида туман-шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари ҳудудий Инспекция бошлиғининг тақдимномасига биноан тегишли туман-шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши, туман-шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига олий юридик маълумотга эга шахс тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилганлиги кўрсатиб ўтилган. Яъни, ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги эътироф қилинган.
Шу ўриндда эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 92-моддасида ходимни бошқа доимий ишга ўтказишга, (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
М.Охунова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига бузилган ҳуқуларини тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ходим манфаатларини ҳимоялаш мақсадида касаба уюшмаси кенгаши томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ходим М.Охунованинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Хусусан, касаба уюшмалари ходимнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиши натижасида Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг 2022 йил 30 майдаги 51-сонли буйруғи бекор қилиниб, ходим М.Охунова Фарғона шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори лавозимига ишга тикланди.
М.Усмонов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси