30.08.2022. Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!
Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари мазкур ғояни ўзида мужассам этган туркум тадбирлар, ижтимоий лойиҳалар ва акцияларни амалга оширмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгашида бўлиб ўтди.
Хусусан, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти бирлашган қўмитаси кам таъминланган оилалар фарзандларига янги ўқув йили олдидан мактаб сумкаси ва ўқув-қуролларини ҳадя этдилар.
Шунингдек, мазкур бирлашган қўмита яна бир ажойиб ташаббусни илгари сурди – янги ўқув йилининг дастлабки чорагини аъло баҳоларга якунлаган болажонларга касаба уюшма стипендияси берилиши таъкидлаб ўтилди.
Тадбирга йиғилган ўғил-қизлар ва уларнинг ота-оналари бундан беҳад ҳурсанд бўлганликларини, энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан ушбу янгилик улар учун ажойиб совға бўлганини билдирдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати