[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

30.08.2022. Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган ўта шиддатли ва мураккаб бир даврда яшамоқдамиз. Жамиятшунос олимлар ва маърифатли кишилар ушбу даврни ҳар хил номлар билан атамоқда. Кимдир технологиялар замони деса, кимдир фикр-тафаккур асри, яна кимдир ахборотлашув даври деб таъриф қиладилар. Ваҳоланки ҳозирги давр – ёшлар давридир.

Ҳақиқатдан хам бугунги кунда қайси соҳага қўл урмайлик, кайси жабҳада ўзимизни синамайлик  кенг имкониятлар ва имтиёзлар эшиги биз ёшлар учун очиқ.  Ёшлар сиёсати соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар том маънода ёшларнинг орзу истакларини амалга оширишга хизмат қилмокда.

Бугунги даврда Президентимиз ташаббуслари билан ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар сони кундан кунга ортиб, давлатимиз учун етук ва малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган эътибор кучайиб бормоқда. Албатта шу ўринда ёшлар учун муносиб иш шароитларини  яратиб  бераётган Касаба уюшмаси ташкилотларининг ўрни беқиёс десак, ҳечам муболаға бўлмайди. Шижоатли ёшлар самарали ва унумли меҳнат қилишдан, ўз устиларида тинимсиз ишлашдан  чарчашмайди, аксинча касбларига бўлган чексиз муҳаббат уларни фаол ёшлар сафидан жой олишга ундайди.

Мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, маънавий дунёқарашини ўстириш борасида аъзо ташкилотлар, барча поғоналардаги ёшлар билан ишлаш тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, ёшларнинг ўқиш, меҳнат қилиш, муносиб иш ҳақи олиш, уй-жой билан таъминланиш, дам олиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги қонуний ҳуқуқларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишларда касаба уюшмаларининг ўрни аҳамиятлидир.

Юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати тамойиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимиз Мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олиш, ёшларга бўлган эътиборни янада юксалтириш мақсадида Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва “Иссиқлик електр станциялари” AЖ ҳамкорлигида  жорий йилнинг 18-22 август кунлари  “Бирлашсак, катта кучмиз!” халқаро ёшлар форуми ўтказилди. Унда тизимдаги корхоналарда меҳнат қилаётган 350 нафардан ортиқ ёш энергетиклар қатори Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ва Япония каби давлатлардан келган 50 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар.

Форумда  энергетика соҳасида илмий инновацион ишланмалар устида иш олиб бораётган ёшлар иштирокидаги «Иссиқлик электр станцияларини ривожлантиришнинг инновацион ечимлари» мавзусидаги илмий-техник конференция ўтказилди.

Унда, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, Ўзбекистон Фанлар академияси, ТДТУ професор ўқитувчилари, шунингдек, фахрий энергетиклар, «Митсубиши Корпоратион» компанияси вакиллари, талаба ёшлар ва форум қатнашчилари иштирок этдилар.

Анжуманда иссиқлик электр станцияларини замонавий инновацион ечимлар асосида модернизация қилиш, янгича технологияларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш масалалари муҳокама этилди.

«Бирлашсак, катта кучмиз!” халқаро ёшлар форумининг навбатдаги тадбири ёш энергетикларнинг билимларини ошириш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш мақсадида иссиқлик электр станцияларининг ёш мутахассислари ўртасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини бўлди. Унда энергетиклар фақатгина ишлаб чиқариш жараёнидаги билим ва кўникмалари, тажрибаларини намоён этибгина қолмай, ақлий ривожланишга ҳам доимий эътибор қаратишларини намоён этдилар.

Форум доирасида маҳаллий ва ҳорижий ёшлар миллий урф-одатларимиз ва азалий қадриятларимиз, хусусан, узбек халқига хос меҳр-оқибат,  меҳмондўстлик фазилатларини намоён этувчи миллий анъаналар, ўзбек миллий таомлари ва либослари, фольклор санъати билан яқиндан таништирилди.

Хусусан, “Мозий ва ёшлар” Арт фестивали, “Ош чемпионати”, палов тайёрлаш фестивали форумнинг биринчи иш кунидаги миллий калоритга бой, энг ёрқин тадбирларидан бўлди десак, адашмаймиз. Бошлағич касаба уюшмаси ташкилотлари ушбу жараёнларни ташкил қилишда фаол иштирок этдилар.

Форумнинг иштирокчилари бўлган ёшлар Марғилон шаҳрида жойлашган “Ҳунармандлар” марказида ҳам бўлдилар. Бу ерда улар ўзбек миллий ҳунармандчилик намуналари, хусусан, адрас ва атлас матоларидан тикилган миллий либослар, чилангарлик буюмларига оид кўргазма билан танишдилар. Адрас матосининг тўқилиш жараёнига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Навбатдаги манзил XVIII аср ўрталарида қурилган Пир Сиддиқ тарихий маскани бўлди. Бу ерда ёшлар ушбу маскан тарихи билан танишдилар.

«Бирлашсак, катта кучмиз!” халқаро ёшлар форуми доирасидаги бир қатор спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди. Хусусан, спорт мусобақаларининг биринчи босқич беллашувларида қизлар стол тенниси, воллейбол, камондан ўқ отиш орқали ўзаро куч синашдилар. Йигитлар эса миллионлар ўйини саналган футбол мусобақалари, югуриш марафони орқали ўз меҳнат жамоалари шарафини ҳимоя қилдилар. Бундан ташқари паҳлавонлар баҳси ҳам ўтказилди. Полвонлар 32 кг.лик тошни кўп маротаба кўтариш, «Белаз» юк машинаси баллонини 50 метр масофага қисқа муддатда ирғитиб етказиш, “Дамас” автомобилини арқонда 50 метр масофага тортиб келиш, 32 кг.лик 2 та тошни 100 метрга кўтариб келтириш каби шартлар бўйича ҳам ўзаро беллашдилар. Юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар ва жамоалар беллашувларнинг кейинги босқичига йўл олдилар.

Форумнинг учинчи кунида стол тенниси, футбол, волейбол бўйича мусобақалар ғолиблари ва совриндорлари аниқланди. Шунингдек, триатлон (сузиш, велопойга ва югуриш) бўйича станциялараро беллашувлар бўлиб ўтди. Муросасиз ўтган курашларда энг тезкор ҳамда энг матонатли ва иродали ёшлар жамоалари аниқланди.

Халқаро анжуман ёпилишига бағишланган тантанали тадбирда “ИННО-ТПП” илмий-техник клубига асос солиниши, мазкур клуб энергетика соҳасини янада ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни давом  эттиришни  мақсад  қилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ марказий аппарати ва унинг тизимида самарали меҳнат қилаётган, иш жараёнида намунали фаолият кўрсатаёган ҳамда форумда фаол иштирок этгани учун 12 нафар ёш энергетик Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Ташаккурнома билан тақдирланди. Бундан ташқари  ушбу форумдаги ташаббускорлиги учун энг фаол ёш мутахассис Акмал Хамраев жорий йилнинг 19-25-сентябрь кунлари Доғистон Республикасида  бўлиб ўтадиган “Умумроссия электр касаба уюшмаси” жамоат ташкилотининг VII Умумроссия ёшлар тадбирида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

5 кун давом этган мазкур халқаро анжуман давомида Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши турли мамлакатлардан ташриф буюрган ҳорижлик ёшларнни соҳада амалга оширилаётган янгиликлар, Ўзбекистонлик ёш мутахассисларнинг инновацион ишланмалари билан таништириш билан бир қаторда, Тошкент хамда Фарғона шаҳарларининг диққатга сазовор масканлари билан таништирдилар. Бу орқали форумга ташриф буюрган ҳорижлик ёш мутахассислар ва ўзбек ёшларининг ўзаро манфаатли тажриба алмашишига яқиндан кўмак берилди. Энг муҳими ташкил этилган маърифий ва маданий тадбирлар давомида фаол ёшлар келгусида соҳа ривожи йўлида амалга оширилиши лозим бўлган тизимли ишлар, бу борадаги мақсад ва вазифаларни аниқлаб олиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича режалар ишлаб чиқиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Сирасини айтганда «Бирлашсак, катта кучмиз!” халқаро ёшлар форуми Ўзбекистон ва ҳорижий мамлакатлар ёшлари ўртасида халқаро дўстлик ва қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш имконини берди.

Фотима Бобоқулова

Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси