[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.09.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан ишчи-ходимларга жорий йилнинг 8 ойи давомида 557 млн. сўмдан зиёд зарар тўловлари ҳамда иш ҳаққига тенглаштирилган тўловлар ундириб берилди.

Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Президентмиз томонидан “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад хам фуқароларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшашига кўмаклашишдан иборатдир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳам фуқароларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши, ислоҳотларни ўз ҳаётларида сезиши йўлида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, кенгаш томонидан меҳнат муҳофазасига оид масалалар бўйича шаҳар ва туман фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда фуқаролардан келган ёзма ва оғзаки мурожаатлар жойида атрофлича ўрганилиб, иш берувчилар томонидан йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. -Мурожаатларни ўрганиш давомида иш берувчиларга киритилган тақдимнома ва талабларга асосан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси Ш.Раҳимхужаев. – Хусусан, Марғилон шаҳридаги Муаттар кўчаси 9-уйда яшовчи А.Қорабоев ва бошқа ходимларнинг муқаддам Фарғона механика заводида ишлаб, касб касаллигига чалинганлиги учун завод томонидан саккиз ой давомида зарар тўлови тўланмай келинаётганлиги ҳақида берган аризаси ўрганилганда, заводдаги 37 нафар зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга фуқороларга ҳам тўловлар тўхтатилганлиги маълум бўлди.

Мурожаатни ўрганиш давомида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан завод директори номига 2022 йил 23 майда 12-сонли Тақдимнома киритилди. Тақдимнома асосида 37 нафар зарар тўловини олиш хуқуқига эга фуқороларга 2022 йил 30 август ҳолатига жами 143 679 911 сўм миқдорида зарар тўловлари ундириб берилди.

–  Инсон қадри улуғланган юртнинг эртаси ҳам улуғдир, – дейди А.Қорабоев. – Биз конуний ҳуқуқларимизни тиклашда амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига мурожаат қилган эдик. Соҳа мутахассислари томонидан бизнинг мурожаатимиз қонун доираси ўрганилди. Натижада ҳуқуқларимиз тикланиб, адолат қарор топди.

Яна бир мисол: бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат “Халқ банки” Тошлоқ тумани филиали ходими Н.Хасанова билан 2022 йил 8 январь куни оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса (автоҳалокат) содир бўлганлиги, бахтсиз ҳодиса махсус текширилган бўлишига қарамай, Н-1 шаклдаги далолатнома расмийлаштирилмаганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича “Халқ банки” Тошлоқ тумани филиали раҳбарига содир бўлган бахтсиз ҳодисани белгиланган тартибда расмийлаштириш ва марҳумнинг қарамоғидаги зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга оила аъзоларига зарар ҳамда бирйўла бериладиган нафақани тўлаб бериш ҳақида 2022 йил 4 июлда 10-сонли Тақдимнома киритилган.

Натижада филиал томонидан Н.Хасанованинг балоғат ёшига етмаган бир нафар фарзандига 8 638 536 сўм ойлик зарар тўлови (саккиз ой учун) ҳамда 233 240 632 сўм бирйўла бериладиган нафақа пулларини тўлаб бериш бўйича топшириқ берилди. Банк маъмурияти томонидан ойлик зарар тўлови ҳамда бирйўла бериладиган нафақа пули жами 241 879 168 сўм зарар тўловлари тўлаб берилди.

Марғилонлик Ш.Абдуллаев билан боглик холатга хам назар солсак. Ш.Абдуллаев  “Фарғонасувтаъминоти” МЧЖнинг Марғилон шаҳар бўлимида сув ҳайдаш бўлими оператори вазифасида ишлар эди. У билан 2021 йил 15 октябрда бахтсиз ҳодиса юзага келади. Мазкур воқеа бўлим мутасаддилари томонидан жамият раҳбариятига етказилмай, сир тутилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши масъуллари томнидан ушбу ҳолат ўрганилиб, “Фарғонасувтаъминоти” МЧЖ раҳбариятига мазкур қонунбузилиш ҳолатини зудлик билан бартараф этиш бўйича тақдимнома киритилади хамда холат ишлаб чиқариш билан боғликлиги боис Н-1 шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилади.

Тиббий меҳнат экспертизаси далолатномасига асосан Ш.Абдуллаевга 3-гуруҳ меҳнат ногиронлиги ва профессионал меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси 40 фоиз этиб белгиланади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан “Фарғонасувтаъминоти” МЧЖ раҳбарига киритилган тақдимномага асосан, жамиятнинг Марғилон шаҳар бўлими раҳбарига нисбатан интизомий чора кўрилиб, Ш.Абдуллаевга 23 080 776 сўм ойлик тўлов суммаси ва бирйўла бериладиган нафақа суммаси тўлиқ тўлаб берилди.

“Фарғонаагрокимёҳимоя” АЖда ишлаб, касб касаллигига чалинган 14 нафар меҳнат ногиронларининг жамият фаолиятининг тугатилиши муносабати билан зарар тўловлари бир неча ойдан буён тўланмай келинаётганлиги юзасидан амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаати хам ижобий хал этилди. Хусусан, 14 нафар зарар тўловини олиш хуқуқига эга фуқарога 77 060 029 сўм зарар тўловлари тўлаб берилди.

Бундан ташқари, Фарғона туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳ.Аҳмаджонова билан 2021 йил 22 майда содир бўлган бахтсиз ҳодиса (автоҳалокат) ҳақида мактаб маъмурияти томонидан белгиланган тартибда тегишли органларга хабар берилмагани, шу сабабли бахтсиз ҳодиса махсус текширилмаганлиги аниқланган. Олинган жароҳат оғирлиги даражасидан келиб чиқиб, ТМЭК томонидан 2 гуруҳ ногиронлиги умумий асосларда белгиланган. Касаба уюшма мутахассиси навбатдаги ТМЭК кўригида қатнашиб, комиссияга Н-1 шаклдаги далолатномани тақдим этган.

Натижада амалдаги норматив ҳужжатларга асосан комиссия бирламчи кўрик далолатномасидаги ногиронлик сабабини меҳнатда жароҳатланиш деб ўзгартириб, 2-гуруҳ ногиронлиги ва 60 фоиз профессионал меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини белгилаб берган.

Мактаб маъмурияти томонидан йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан Фарғона тумани халқ таълими бўлими мудири ҳамда 15-мактаб директорига 2022 йил 1 августда 13-сонли Тақдимнома киритилган. Тақдимномада Ҳ.Аҳмаджоновага ойлик зарар тўловидан мавжуд 6 898 906 сўм қарз ва 19 711 152 сўм бирйўла тўлаб бериладиган нафақани зудлик билан тўлаб бериш мажбурияти юклатилган. Натижада Ҳ.Аҳмаджоновага Фарғона тумани халқ таълими  бўлими томонидан жами 26 610 058 сўм зарар тўловлари тўлаб берилган.

Шунингдек, Янги Марғилон шаҳарчасидаги Али қушчи кўчаси, 12-уй, 30-хонаданда яшовчи фуқаро Б.Шералиевга “Норматов Муртазожон Тохиржон ўғли” ЯТТ томонидан бир йил давомида тўлаб берилмаган зарар тўловини ундириш юзасидан жорий йил 14 февралда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан киритилган Тақдимнома ердамида 9 миллион сўм зарар тўловидан мавжуд қарз Б.Шералиевга тўлиқ ундириб берилишига эришилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан 2022 йил 8 ойи давомида ходимлар хукукларини химоя килиш борасидаги саъй- харакатлар натижасида жами 557 млн. 763 минг 529 сўм зарар тўловлари ҳамда иш ҳаққига тенглаштирилган тўловлар ходимлар фойдасига ундириб берилди. Бунинг натижасида касаба уюшмалари ердами билан 56 нафар фуқаронинг конуний ҳуқуқлари тикланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати