[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

29.09.2022. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, биргаликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан қўшма тардбирлар режаси қабул қилиниши анъанага айланди.

Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас таклифига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Женева (Швейцария) шаҳрига ташриф буюрди. Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад – Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) билан 2023 йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар режасини муҳокама қилиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишдир.

Айни кунда Женевада расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси ҳамда ХМТ Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) раҳбарияти ва департамент раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари ва Халқаро меҳнат Бюроси халқаро меҳнат нормалари бўйича Департаментининг ҳуқуқий масалалар бўйича катта мутахассиси Оксана Волфман ўртасида бўлиб ўтди.

Оксана Волфман хоним суҳбат аввалида сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон Республикасига стандартларни қўллаш бўйича Экспертлар қўмитаси томонидан танқидий мулоҳазалар билдирилмаганини таъкидлади.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси, унга киритилаётган ўзгаришлар хусусида ҳам сўз борди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-Конвенцияси ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ижтимоий-иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуд Исаев 87-Конвенциянинг айрим нозик жиҳатлари батафсил баён этилган янги қонун ҳужжатлари ва қонунлар хусусида тўхталиб ўтди.

Учрашув якунида ХМТ вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келгусидаги ҳамкорлик алоқалари юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари