[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

12.10.2022. Пастдарғом тумани халқ таълими бўлими бош иқтисодчиси Талантжон Ҳамроев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгашига ҳуқуқларини тиклаш мақсадида мурожаат қилди.

Гап шундаки, у хизмат сафарида юрган пайтида иш берувчининг буйруғи билан вазифасидан озод этилган.

Масалани кенгаш мутахассислари ўрганишди. Воқеалар жараёни эса шундай кечган: жорий йил 19 август куни Халқ таълими вазирлиги Молия департаменти таълим муассасаларида иш ҳақини режалаштириш ва молиялаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Х.Холниязов Самарқанд вилояти ХТБ бошлиғига билдирги билан чиққан. Унда вазирлик буйруғи, тасдиқланган дастур асосида Қашқадарё вилояти ХТБда кенг миқёсли аудит ўтказилаётгани, мазкур жараёнда амалий ёрдам бериш учун Пастдарғом тумани ХТБ ҳисобчиси Э.Бурхонов ҳамда бош иқтисодчи Т.Ҳамроевларни 22 августдан қўшни вилоятга хизмат сафарига юбориш сўралган. Шундан сўнг, ҳар иккала ходим Самарқанд вилояти ХТБнинг 2022 йил 19 августдаги 158-сонли буйруғи билан Қашқадарёга йўл олган.

Орадан уч кун ўтиб, Пастдарғом тумани ХТБ мудирининг 25 августдаги тегишли буйруғи билан хизмат сафарида юрган Т.Ҳамроев вазифасидан озод этилган.

Хўш, раҳбарият нима учун тўсатдан бош иқтисодчига «тиш қайраб» қолди?

Ўн йил Нуробод туманидаги касб-ҳунар коллежида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Талантжон Ҳамроев 2020 йилнинг 9 июлида Пастдарғом тумани ХТБ мудирининг 126-сонли буйруғи билан вақтинчалик бош иқтисодчи лавозимга тайинланади. Бу вазифа вилоят ХТБ номеклатурасида турса-да, аммо юқори ташкилотдан буйруқ чиқарилмасдан қолиб кетган.

Жорий йилнинг июль ойида Пастдарғом тумани ХТБдан бўлган мурожаатни ўрганган туман прокуратураси кадрлар соҳасидаги мавжуд чалкашликка барҳам бериш тўғрисида тақдимнома киритади. Унда қайд этилишича, Пастдарғом тумани ХТБ томонидан кадрлар етарли бўлишига қарамай, бош иқтисод чи вазифаси номутахассис томонидан бошқарилаётгани, икки йил мобайнида уни бошқа вазифага ўтказиш чоралари кўрилмагани, қолаверса, бу лавозим вилоят ХТБ номеклатурасида туриши белгиланган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар «Аргос» бўш иш ўринлари базасига атайлаб киритилмасдан келинаётгани баён этилган.

Қайд этиш керакки, прокуратура ХТБга киритган тақдимноманинг бирор жойида «вазифасидан бўшатилсин» деган жумла йўқ. Балки туман ХТБдан 2020 йил 9 июлдаги 126-сонли буйруқни қонун талабларига мослаштириш сўралган, холос. Тизим мутасаддилари эса «салла ўрнига калла»ни олиб қўя қолган.

Қолаверса, 2001 йилда Каттақўрғон тижорат техникумини ҳисобчи ихтисослиги бўйича, кейинчалик Самарқанд ветеринария медицинаси институтини тамомлаган, айни чоғда Самарқанд иқтисодиёт сервис институтининг Молия факультети сиртқи бўлими 3 курс талабаси бўлган Талантжон Ҳамроевни номутахассис деб ҳисоблаб бўладими?

Шу ўринда вилоят халқ таълими бошқармасининг кадрлар сиёсатига ҳам тан бермасдан илож йўқ. Бевосита бошқарма буйруғи билан ишга олиниши керак бўлган ходим, туман ХТБ буйруғи билан икки йил ишлаб берса-ю, бунга ҳеч ким қизиқмаса, қандай қилиб ажабланмай бўлади?

– Мутахассислар томонидан шикоят ариза ўрганилиб, масалага холисона баҳо берилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Зоҳид Янгибоев. – Вилоят ХТБга Т.Ҳамроевни ишга тиклаш, мажбуран бекор юрган кунлари учун иш ҳақи тўланиши юзасидан тақдимнома киритилди.

Хатони тузатиш – марднинг иши. Ўйлаймизки, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бундан тегишли хулоса чиқара олади.

Нурилла Шамсиев