[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.10.2022. Ҳурматли “tentakminds”.

Сизнинг “Профсоюз” деган штат эгаси бирор иш қиладими?” деган саволингизга (https://t.me/tentakminds) аниқ факт ва мисолларга асосланган жавобларни келтириб ўтамиз:

Аввало “Профсоюз” штат эмас, ўзингиз айрим постларингизда жон куйдирганингиздек, Давлат тили бўлган она тилимизни ҳурмат қилган ҳолда айтишимиз керакки, касаба уюшмаси  – сайланма орган, ва касаба уюшма қўмитаси раиси сайланадиган лавозим эгаси ҳисобланади. Уни меҳнат жамоаси сайлайди.

Яна бир ҳақиқатни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Касаба уюшмалари ўзаро ёрдам кассаси эмас, аксинча ходимларнинг бирдамлик ташкилоти ҳисобланади. Яъни, жами ходимлар тўлаган аъзолик бадаллари бугун мушкул аҳволга тушган бир неча ходим ва унинг оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига, моддий қўллаб-қувватланишига йўналтирилса, эртага яна бошқа ана шундай ижтимоий-иқтисодий ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган ходимга йўналтирилади. Ўзбекистон касаба уюшмаларига аъзо бўлган ҳодимлар ҳам бугунги кунда имтиёзлардан худди шу тартибда босқичма-босқич фойдаланиб келмоқдалар.

Энди касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишларга келсак, аввало таъкидлашимиз керакки, касаба уюшмалари бугун ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга мамлакат миқёсида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, бандликни таъминлаш, ходимлар учун аососий таътиллар билан бирга тегишли тартибда узайтирилган ва қўшимча меҳнат таътиллари берилиши, белгиланган тоифадаги ходимлар учун қисқартирилган иш куни ўрнатилиши, ойлик маошларининг ўз вақтида тўланиши, иш жойларида муносиб меҳнат шароитлари яратилиши, меҳнаткашлар мурожаатларини қонуний ҳал этиш, уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқи бузилган ходимларни суд орқали қонуний равишда ишга тиклаш ёки зарар пулларини ундириб бериш каби йўналишларда ҳам кўплаб ишларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маънавиятини ошириш, оммавий спортга жалб этиш орқали саломатликларини мустаҳкамлаш йўналишларида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқда.

Биргина 2021 йилда Федерация томонидан жами 38 та қонун ва бошқа норматив-хуқуқий хужжатлар бўйича тегишли таклифлар берилди.

Касаба уюшмалари инспекциялари томонидан 2021 йил давомида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати амалга оширилди. Жумладан, Касаба уюшмалари инспекторлари томонидан иш берувчиларга 17 та кўрсатма киритилиб, 13 минг 238 нафар ходимга 20 млрд. сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақидан қарздорлик ундириб берилди.

Бундан ташқари, 166 та ташкилот ўрганилиб, аниқланган 336 та қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 161 та кўрсатма киритилди ҳамда барча аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан ёзма, оғзаки, интернет тармоғидан электрон, “Ишонч телефонлари”орқали келиб тушган жами 4 296 та мурожаатнинг 945 таси қаноатлантирилди, 1 739 таси бўйича муаллифларга тушунтириш берилди, 81 таси асосли равишда рад этилди, 8 таси аноним деб топилди, 42 таси муаллифлари хабардор қилинган ҳолда тегишли ваколатли органларга юборилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 2 726 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 1,7 млрд. сўмга яқин зарар ундириб берилди.

Мурожаатлар асосида ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга 62 та тақдимнома киритилди. Ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаб судларга киритилган жами 100 га яқин даъво аризаларидан 64 тасининг талаблари қаноатлантирилди, 15 та ҳолатда иш берувчилар ихтиёри билан ходимнинг ҳуқуқлари тикланди, шунингдек 97 нафар ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 385 млн. сўм ундириб берилди.

Меҳнат муҳофазаси йўналишида 2021 йил давомида касаба уюшмалари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва талабларига риоя этилиши борасида аниқланган 4 минг 186 та камчиликни бартараф этиш тўғрисида иш берувчиларга 1645 та тақдимнома киритилиб, кўрсатилган камчиликлар касаба уюшмаларининг аралашуви билан бартараф этилди.

Шунингдек, Федерация томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда меҳнат муҳофазаси бўйича енгил саноат ва чармсаноат корхоналари ўрганилди. Ўрганишлар натижаси Сенатда муҳокама қилиниб, Вазирлар Маҳкамасига Парламент сўрови юборилди.

Бундан ташқари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида касаба уюшмалари аъзоларини ҳимоя қилиш мақсадида 11 маротаба судга мурожаат этилди. Меҳнат шароити ноқулай ишларда ишлаётган аёлларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан иш берувчиларга 334 та тақдимнома киритилди.

Жамоа шартномалари орқали кам таъминланган оилалардан бўлган ходимлар, пенсия ёшига етган ишловчилар, ногиронлиги бор шахслар, ишлаётган аёллар ва ёшларга ижтимоий кўмаклар берилиши устидан мунтазам мониторинг олиб борилди. Хусусан, 2021 йилда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали корхона, ташкилот ва муасссаларда касаба уюшмаси ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 224 минг дан ортиқ ходимга ва 69 мингга яқин оилага 158 млрд. 306 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. 574 нафар кам таъминланган фуқаро касаба уюшмалари тавсияси асосида эркин иқтисодий зоналардаги корхона ва ташкилотларда иш билан таъминланди.

2021 йилда Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида ойлик маошдан ташқари сарфланган маблағ ўртача 6 миллион 410 минг сўмдан зиёдни ташкил этди ва 2020 йилга нисбатан 26,6 фоизга ошди.

Бундай маълумотларни яна кўплаб келтириб ўтиш мумкин.

Энди, 2022 йилнинг ўтган даврига назар солсак. 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий (шу жумладан, 7 та минтақавий) келишувлар, тармоқларда республика миқёсида 117 та тармоқ келишуви мавжуд, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ўртасида 111 минг 789 та жамоа шартномаси қабул қилиниши таъминланган. Энг муҳим жиҳати, қатор тармоқ ва ҳудудларда жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланмоқда. Чунончи, республика бўйича 18 811 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилишига эришилди ва бу орқали 915 840 нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилди, бу эса жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган жами ходимларнинг 20 фоизини ташкил этади.

Тузилган жамоа шартномаларининг 105 777 тасида, яъни 94,6 фоизида, ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилишига эришилди.

Жамоа шартномалари орқали корхона ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан 56 740 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилиб, 62 млрд. 230,0 млн. сўм маблағ сарфланди.

Жамоа шартномаларига биноан 110 825 нафар ходимга тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлаш имконияти яратилди, 79 579 та корхонада эса турли байрамлар муносабати билан бериладиган қўшимча дам олиш кунларидан фойдаланган 1 362 880 нафар ходимнинг таътил муддати ўзгартирилмасдан тўлиқ фойдаланиш имкони яратилди.

Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилди. Натижада 2 млн. 929 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 млн. 900 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Касаба уюшмалари “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурининг ҳаётга татбиқ этилишида фаол иштирок этмоқда. Жамоа шартномалари орқали кам таъминланган оилалар вакилларига, пенсия ёшига етган ходимларга, ногиронлиги бор шахсларга, ишлаётган аёллар ва ёшларга ижтимоий кўмаклар берилиши юзасидан мунтазам мониторинг олиб бормоқда.

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида 156 минг 423 нафар ходим ва 55 минг 136 та оилага жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 136 млрд. 132 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Жумладан:

– икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 8 минг 58 нафар ишловчи ёш оналарга 4 млрд. 962 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди;

– кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 52 минг 856 нафар фарзандлари учун 9 млрд. 316 млн. сўмлик ўқув қуроллари харид қилиш харажатлари қисман қопланди;

– 2 минг 402 та нодавлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 3 минг 847 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтаси 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди;

– 53 минг 676 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига 28 млрд. 830 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди;

– олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2 минг 406 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга 10 млрд. 721 млн. сўмлик ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди;

– 1 минг 460 та ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 9 млрд. 426 млн. сўмлик фоизсиз cсудалар ажратилди;

– 1 минг 361 нафар ёш ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 4 млрд. 211 млн. сўмлик фоизсиз cсудалар берилди;

– 12 минг 595 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам кўрсатилди ва тақдирланди;

– 14 минг 784 нафар ходим юбилей саналари муносабати билан рағбатлантирилди;

– 49 минг 611 нафар ишламайдиган пенсионерлар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га моддий ёрдам кўрсатилди;

– байрамлар арафасида 10 минг 905 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишилар (корхоналарнинг собиқ ходимлари) холидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди;

Юқоридаги каби аниқ фактларга асосланган маълумотларни касаба уюшмалари фаолиятининг бошқа устувор йўналишларида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам яна давом эттириш мумкин.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни ҳохлардик, биз бу ишларимиз билан мақтанмоқчи эмасмиз, бундай фикрдан бутунлай йироқмиз. Ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз кўп ва биз меҳнаткашларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялашда оғишмай давом этамиз.

Ҳурматли “tentakminds”. Ўйлаймизки, юқорида келтирилган аниқ фактларга асосланган маълумотлар сиз ўртага ташлаган саволга жавоб бўла олди. Ва маълум қиламизки, фаолиятимизга тааллуқли мулоқот учун доимо очиқмиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси