28.10.2022. Бугун ҳаётнинг ҳар жабҳасида янгиланишлар кўзга ташланяпти. Шунга монанд равишда касаба уюшмалари фаолиятида ҳам қатор янгиликлар рўй беряпти. Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатдаги фаол иштироки ва бошқа қатор омиллар натижасида касаба уюшмалари ҳар бир аъзо фаолияти ва ҳаётида ўз ўрнига эга бўлмоқда.
Касабақўм раиси сифатида 62 нафар ходим манфаатини ҳимоя қилишга ўз ҳиссамни қўшиб келяпман. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч тумани кенгаши томонидан биз, етакчиларга мунтазам равишда амалий ёрдам кўрсатиб келиняпти. Иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигига доир билимлари мустаҳкамланмоқда. Бу эса ижтимоий шериклик асосида ходимлар учун қулай иш шароитлари яратилишида, меҳнат ҳуқуқлари кафолатланишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Ҳамкасбларимиз жамоа шартномасида белгиланган имтиёзлардан самарали фойдаланишмоқда. Намунали фаолият кўрсатишлари ва кўнгилли дам олишлари учун барча шароитларга эга. Жамоа таклифига мувофиқ, ёш болали аёллар учун алоҳида иш шароитлари яратилган.
Бу йил беш нафар ҳамкасбимизга касаба уюшма томонидан моддий ёрдам ажратилди. Икки нафар ходим санаторийда соғломлаштирилди. Кўп болали, ёлғиз ва кам даромадли ходимларимиз фарзандлари учун ўқув қуроллари олиб берилди. Меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, эҳтиромимиз ва совғаларимизни етказдик. Тармоқ касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган спорт мусобақаларида жамоамиз фаол иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой эгаллади.
Умуман, бугунги кунда касаба уюшмаси ходимларнинг ҳақиқий дўстига айланди. Айниқса, ушбу ташкилотнинг ўрни бўлакчалигини ходимлар ҳам ҳис қилиб туришибди. Айни кунларда ҳамкасбларимиз касаба уюшмалари байрамини нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрмоқдалар.
Ушбу кун халқимизнинг энг севимли байрамларидан бирига айланишига ишонамиз.
Қурвонбика Қиличова
Урганч туманидаги 13-мактаб бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси