[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

03.11.2022. Президентимиз ташаббуслари билан мана икки йилдирки мамлакатимизда   11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари куни байрами нафақат касаба уюшма ходимлари, балки барча касаба уюшма аъзолари, яъни, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳам байрамидир. Шу боис, мазкур сана муносабати билан Республикамизнинг турли ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат жамоаларида меҳнаткашлар билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирлар доирасида меҳнаткашлар фарзандларини ҳам қамраб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барча умумтаълим мактабларининг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи синф ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон” танлови ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – мактаб ўқувчиларининг ёзувчи, адиб ва мутафаккирларнинг адабий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишларига кўмаклашиш, ўғил-қизлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонликни кенг тарғиб этиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшларни ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўқувчиларнинг Янги Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ривожланишни англашига кўмаклашиш ва касаба уюшмасининг мақсад-вазифалари ва фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборатдир.

Биргина Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган “Ёш китобхон” танлови орқали 318 та мактаб ва уларда таълим-тарбия олаётган 50 минг нафарга яқин ўқувчи қамраб олинди. Хусусан, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги  225-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Ёш китобхон” танловида 100 нафарга яқин 9-11 синф ўқувчилари иштирок этдилар.

Улар аввало ташкилий қўмита аъзолари томонидан танловни ўтказиш тартиби ва шартлари билан батафсил таништирилди. Шундан сўнг ўқувчилар Республика ташкилий қўмитаси томонидан тавсия этилган адабиётлар бўйича тест саволларини ечиш билан бирга маълум бир асарнинг мазмун-моҳиятини, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб бериш шартини ҳам бажардилар.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, танлов ўқувчиларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш билан бирга, дунёқарашларини кенгайтириш, мумтоз, замонавий ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан таништириш  имкониятини ҳам берди.

Ўқувчиларнинг тест ва оғзаки жавоблари мактабда ташкил этилган нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, ғолиблар аниқланади. Танлов ғолиби бўлган ўқувчилар 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан барча туман ва шаҳарларда касаба уюшмалари томонидан ташкил этиладиган байрам  тадбирларида тантанали равишда тақдирланади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари