04.11.2022. Давлатимиз раҳбарининг нодавлат ва нотижорат ташкилотларга, шу жумладан, Бош қомусимизда жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилган касаба уюшмаларига бўлган эътибори натижасида мана икки йилдирки мамлакатимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.
Айни кунларда ушбу сана олдидан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат жамоаларида меҳнаткашлар билан очиқ мулоқот ва учрашувлар, давра суҳбатлари, месинар ва конференциялар, илғор ва фаол меҳнаткашларни рағбатлантириш ва маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан пойтахтимиздаги Муқимий номидаги мусиқали драма театрида ташкил этилди.
Байрам тадбирига тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар, ёш мутахассислар, шу жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган 70 дан ортиқ корхоналарда, ўз фаолиятини олиб бораётган, 300 нафарга яқин энергетика, нефт-газ ва геология тармоғи корхоналари меҳнаткашлари, касаба уюшма ходимлари ва фаоллари таклиф этилди.
Тадбирда охирги 5 йил ичида Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бўлгани каби, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг меҳнаткашлар турмуш фаровонлигини оширишдаги муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланди. Меҳнат қонунчилигининг тобора такоми топиб бораётгани, мамлакатимизда давлат-касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ва унинг натижалари хусусида сўз борди. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси ҳам ўз фаолиятини такомиллаштириш билан бирга ишчи-ходимлар манфаатлари юзасидан бир неча ҳорижий турдош касаба уюшмалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилиб, икки томонлама Келишув Меморандумларини имзолашга муваффақ бўлди. Шу билан бирга мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ҳорижий инвестициялар иштирокидаги корхона, ташкилотларда касаба уюшма қўмитасини ташкил этиш ва унга ушбу корхоналарда меҳнат қилаётган ходимларни жалб этиш, иш берувчилар билан жамоа шартномаларини имзолаб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Байрам тадбирида, касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини энг яхши ташкил этган корхона” ҳамда “Электр энергияси ва ёқилғи ресурсларини тежаш бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшма ташкилоти” кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиблари муносиб тақдирланди. Соҳада кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган инсонлар рағбатлантирилди.
Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ҳорижий турдош касаба уюшмалари билан олиб бораётган ҳамкорлик алоқалари натижасида мазкур йўналишлардаги ишларда фаоллик кўрсатаётган соҳа мутахассислари ва фаоллари эътироф этилиб, уларга “Нефтгазқурилиш касаба уюшмаси халқаро Конфедерацияси”нинг Фахрий ёрлиғи ва мукофотлар топширилди.
Тадбир сўнгида байрам иштирокчилари учун “Муқимий” номидаги мусиқали драма театри актёрлари иросидаги спектакл намойиш этилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари