07.11.2022. 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишлаб Республикамизнинг турли ҳудудларидаги меҳнат жамоаларида ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда. Куни кеча ушбу сана муносабати билан Тошкент Архитектура қурилиш институтида “Ижтимоий шериклик истиқболлари: кеча ва бугун” мавзуида семинар ўтказилди.
Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлдари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга Олий Мажлис Сенати аъзолари, ижтимоий ҳамкор вазирлик ва идоралар мутасаддилари, тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, транспорт ва қурилиш тармоқлари соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар ва талабалар таклиф этилди.
Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси ўз ижтимоий шериклари бўлган тегишли вазирликлар билан имзоланган Тармоқ келишувлари асосида иш олиб бормоқда. Хусусан, тармоқ касаба уюшмаси томонидан меҳнат қонунчилиги ва жамоа шартномаларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назорати юритилиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар меҳнатини муҳофаза қилиш, хавфсиз иш ўринларини яратиш, моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат жамоаларида маданий, оммавий спорт тадбирларини йўлга қўйиш каби йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Натижада жорий йилнинг 9 ойи давомида Жамоа шартномалари орқали 10 минг 832 нафар ишчи-ходимнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадларига иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида 4 миллард 27 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Шунингдек, тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш болали 274 нафар аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти хафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланишига эришилди. 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши учун таътилда бўлган 455 нафар ёш оналарга 174 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида жамоа шартномаларида белгиланган 18 минг 760 та тадбир ижроси учун қарийб 16,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, қарийб 13 минг нафар ишчи-ходим тиббий кўрикдан ўтказилди.
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни арафасида мазкур йўналишлардаги ишлар сарҳисоб қилинар экан, келгусидаги долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди. Байрам тадбири давомида ходимлар манфаатларини ҳимолашда касаба уюшмалари билан ижтимоий шериклик асосида иш олиб бораётган ҳамкор ташкилотлар вакилларига тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг Ташаккурномалари топширилди. Шунингдек, тармоқ тизимидаги корхоналарда кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган ходимлар ва касаба уюшма фаоллари рағбатлантирилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари