07.10.2014. Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, меҳнаткашлар учун хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари яратиш, техника хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қонунчилигимизда халқаро стандартлардан ҳам юқори имтиёз ва кафолотлар белгиланган. Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан мазкур йўналишларда профилактика масалаларига эътибор кучайтирилиб, бу борада иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш билан бирга жамоатчилик назорати йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 2-3 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро Меҳнат Ташкилоти, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва саломатлик” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар-тренингда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги меҳнатни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари, касаба уюшмаси Федерациясига аъзо ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари қатнашдилар.
Семинар-тренингда ХМТ экспертлари Викинг Хусберг “Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг хавфсизлик ва меҳнат гигиенасига бўлган тизимли ёндашуви, ҳалқаро истиқболлари”, “Хавф-хатарни баҳолаш принциплари ва методологияси”, “Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими, хавфсизлик маданияти” мавзуларида, Харри Таллига “Меҳнат шароитларини ижтимоий мулоқот ёрдамида яхшилаш – фойда ва методлар”, “Меҳнат шароитларини яхшилаш ва хавфсизлик маданиятини шакллантиришда касаба уюшмаларининг роли” мавзуиларидаги маърузалар билан иштирок этдилар.
Шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг маслаҳатчиси Харри Таллига Касаба уюшмалари Федерацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, ҳудудий нодавлат ташкилотлар вакилларидан ташкил этилган болалар меҳнати масаласи бўйича Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларидаги Миллий мониторинг гуруҳлари томонидан олиб борилаётган мониторинг жараёнида олган таассуротлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, Харри Таллига болалар меҳнати бўйича ўтказилаётган мониторингнинг ХМТ методологиясига мувофиқ равишда олиб борилаётганлигини, фермер хўжаликларида теримчиларнинг меҳнатини муҳофаза қилишга жуда катта эътибор берилганлиги, улар учун етарли меҳнат шароитлари яратилганлиги, сифатли озиқ-овқат билан таъминланаётганлиги, меҳнат шартномаларига мувофиқ теримчиларга деярли ҳар 3 кунда иш ҳақи тўланаётганлиги, пахта теримига 18 ёшга тўлмаган болалар жалб қилинмаганлигини эътироф этди. Шунингдек, касб-ҳунар коллежларидаги ўқув-машғулотлар тасдиқланган дастур асосида олиб борилаётгани, ўқувчилар давоматининг 97-98 фоиз эканлиги, улар дарсдан бўш вақтларини асосан таълим муассасалари қошида ташкил этилган турли йўналишлардаги тўгаракларда ўтказаётгани, айниқса, спорт билан кенг шуғулланаётганликлари алоҳида таъкидланди.
Семинар-тренингда фермер хўжаликлари раҳбарлари учун “Фермер хўжаликларида меҳнат муҳофазаси”, ота-оналар учун “Болаларингизга бахтли ва соғлом болалик инъом этинг” мавзусидаги қўлланмалар тақдимоти бўлиб ўтди.