02.12.2022. “Кушербаевга мурожаат” телеграм каналида “Ойлик иш ҳақимизни сўрасак ишдан ҳайдашди – Оққўрғон” сарлавҳаси билан Касаба уюшмалари Федерацияси диққатига! ҳавола этилган постда:
“Мен Қурбонов Махаматжон Хамидович, Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, Олимкент қўрғонидаги “АБC агро кластер” пахта тозалаш корхонасида 3-гуруҳ бригадири эдим.
Мен ва бригадам билан ойлик маошимизни сўрагандик бизни ишдан ҳайдади. Ва мен бригадам ишга қайтсин, десам мени ўзимни ишдан ҳайдаб юборишди.
Шу тўғрими: ойлик ҳаққимизни сўрасак ишдан ҳайдаса?” дея мурожаат қилинган. (https://t.me/Kusherbayevga_murojaat/1179).
Мазкур мурожаат Ўзбекистон Агросаноат ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
“ABC OQQORGON AGRO CLASSTER” МЧЖда касаба уюшмалари томонидан малга оширилган ўрганишлар жараёнида мурожаатчи Маҳаматжон Қурбонов, МЧЖ пахта тозалаш заводи директори Р.Бозоров, Кадрлар бўлими бошлиғи Б.Аҳмедова, Ҳуқуқшунос Н.Сафаровлар иштирокида юзма-юз мулоқот ҳам ўтказилди.
Аниқланишича “ABC OQQORGON AGRO CLASSTER” МЧЖ пахта тозалаш заводи ишчи ходимларининг жорий йил сентябр ойи учун иш ҳақи иш берувчи томонидан 5 октябрь кунида тўлаб берилиши ваъда қилинган. Аммо 9 октябрь кунига қадар иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги сабабли МЧЖ пахта тозалаш заводи 3-гуруҳ бригадири М.Курбонов бригаданинг 8 нафар ходими билан бирга иш вақтида завод ускуналарини ўчириб, иш жойидан ўзбошимчалик билан кетиб қолишган. Мазкур ҳолат корхонада ўтказилган умумий йиғилишда муҳокама этилиб, жорий йилнинг 11 октябрь куни ходимларга ойлик маошлари тўлиқ тўлаб берилган.
Шундан сўнг М.Қурбонов 2022 йил 13 октябрь куни у билан тузилган меҳнат шартномасини ўз хоҳишига биноан бекор қилишни сўраб МЧЖ бош директори номига ёзган аризасига асосан (тегишли ҳужжатлар илова қилинади) “ABC OQQORGON AGRO CLASSTER” МЧЖнинг 13.10.2022 йилдаги №717/К-сонли буйруғи билан М.Қурбонов билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан бекор қилинган.
Барча ҳужжатлар ўрганиб чиқилгач ҳамда М.Қурбонов билан суҳбат ўтказилгач у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиш ўз ҳоҳишига кўра амалга оширилгани ва бу жараёнда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати