[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.12.2022. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхоналар бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан меҳр-мурувват ойлигида касаба уюшмалари иштирокини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор хайрия тадбирлари ўтказилмоқда. Бунда ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиш, ҳомийлик ёрдамларини бериш ва корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда ишлаётган ногиронлиги бўлган ходимларни моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тармоқ тизимидаги “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ва “Аммофос-Максам” АЖ корхоналарида ҳам хайрия тадбирлари ўтказилди. Жумладан, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Aнгрен шаҳар 9-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда тарбияланаётган болалар ҳолидан хабар олинди ва совғалар улашилди. Жумладан, мактаб фондига фойдаланиш учун китоблар, спорт анжомлари, 145 нафар ўқувчига футболкалар, ширинлик ва пишириқлар тақдим этилди, жами 8 млн. 400 минг сўм миқдорида хайрия тадбири ўтказилди. Шунингдек, корхонада ишлаб келаётган 4 нафар ногиронлиги бор ходимга ва ногиронлиги бор фарзандлари бўлган 3 нафар ишчиларга умумий 2 млн. 100 минг сўм миқдорида моддий ёрдам берилди.

Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Диёр Aлимов совғаларни тақдим этиш асносида бугунги кунда юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор кишилар, кекса авлод вакиллари ва имконияти чекланган болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида сўзлади.

Тармоқ тизимидаги яна бир корхона “Аммофос-Максам” АЖ раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида Олмалиқ шаҳар ҳудудида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган шахслар учун 100 дона озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси етказиб берилди. Шу билан бир қаторда корхона ҳисобида турган 20 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва нуронийларга ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси тарқатилди.

Бу каби хайрия тадбирлари тармоқ тизимидаги бошқа корхоналар раҳбарияти ва касаба уюшмаси ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказиб борилмоқда.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси