22.12.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгашида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят штабининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоят штаби раҳбари Абдуғаппор Салихов, Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова, Касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев, тегишли вазирлик, идораларнинг вилоят бошқарма ва бўлимлари мутасаддилари иштирок этдилар.
Йиғилишда мамлакатимизда Президентимиз ташббуслари билан амалга татбиқ этилган “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичи доирасида 2022 йил давомида Фарғона вилоятида қарийб 80 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилгани таъкидланди. 2023 йилда ҳар бир маҳаллада уйма-уй юриб, эҳтиёжманд хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш бўйича олддинда турган вазифалар белгилаб олинди.
– “Аёллар дафтари” тизимининг 2023 йилда амалга ошириладиган 4-босқичида мазкур тизим моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир хотин-қизнинг муаммосига индивидуал ёндошилади ва уларни комплекс ҳал этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилади, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. – Бу орқали ҳеч бир эҳтиёжманд хотин-қизни эътибордан четда қолдирмай, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаб олишига кўмаклашилади.
Тадбирда галдаги вазифаларни тўлақонли ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 1 минг 62 та маҳаллада иш олиб борувчи ишчи гуруҳларни тузиш, улар томонидан ўттиз ёшдан ошган аёлларни белгиланган тоифалар бўйича манзилли хатловдан ўтказиш масалалари ҳам муҳокама этилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати