26.12.2022. Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялари техникумининг 60 нафар ишчи-ходими Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига 5 ойдан буён маошларини ололмай келаётгани сабабли амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилишди.
Меҳнат кодексининг 161-моддасида «Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас» деб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректорига ҳамда Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялари техникуми директорига Меҳнат кодексининг 9-моддаси ҳамда «Касаба уюшмалари тўғридаги»ги қонуннинг 35-моддаларидан келиб чиққан ҳолда ходимларнинг 2022 йилнинг июль, август, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун тўланмай келинаётган 327 миллион 764 минг сўмдан зиёд иш ҳақларидан бўлган қарздорликни тўлаб бериш юзасидан тақдимнома киритилди.
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори томонидан тақдимнома қаноатлантирилиб, ходимларга иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилди.
Лолахон Аҳмедова
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси