28.12.2022. Олмалиқ кон-металлургия комбинати тизимида 40 та корхона бўлиб, уларда 46 минг 464 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади.
Марказий таъмирлаш-механика заводи касаба уюшмалари фаолиятини намунали йўлга қўйгани билан алоҳида ажралиб туради. Яқинда тизимдаги касаба уюшмалари раис ва ходимлари, аъзолари учун мазкур завод фаолияти мисолида очиқ амалий семинар-тренинг ташкил этилди. Унда иштирокчилар касаба уюшмасининг 8 та йўналиши бўйича ҳамкасблари фаолиятини ўрганишди.
– Касаба уюшма аъзоларини моддий ва маънавий, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамиша эътиборимизда, – дейди МТМЗ касаба уюшма қўмитаси раи си Равшан Ҳамроев. – Жумладан, жорий йилда хасталанган 443 нафар аъзолар ҳолидан хабар олиниб, улардан 127 нафарининг даволаниши учун моддий ёрдам ажратилди.
«Касаба уюшмаси – фахрийларга» акция доирасида 20 нафар меҳнат фахрийси учун комбинатнинг «Рангли металлар» ва «За цветные металлы» газеталарига бепул обуна ташкил этилди. Йил давомида нишонланадиган байрамлар арафасида 1 нафар меҳнат фахрийсига манзилли ёрдам ажратиб келинмоқда. «Қанд» касаллигига чалинган 6 нафар ходимга даволаниши учун моддий кўмак кўрсатилди. Ногиронлар куни муносабати билан ишламайдиган 6 нафар пенсионерга тўққиз номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ажратилди. Заводнинг 2 нафар ходими пенсияга чиқиши муносабати, 8 нафар ишчи-ходим эса юбилей муносабати билан рағбатлантирилди ва уларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
«Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида 21 нафар ишчи-ходимнинг фарзандларига ўқув қуроллари топширилди.
– Касаба уюшмаларининг бош мақсади – ишчи-ходимларга доимо камарбаста ва елкадош бўлиш, – дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинати ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров. – Бу жараёнда Марказий таъмирлаш-механика заводи касаба уюшмаларининг фаолияти комбинат учун намуна бўлиб келмоқда.
Семинар-тренингда иштирокчилар заводда ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
Умида Жалилова
ОКМК ходимлари касаба уюшмаси кенгаши етакчи мутахассиси