13.10.2014. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Тошкент вилоятидаги “Оқ тош” санаторийсида “Респиратор касалликларга чалинган болаларни санатор-курорт даволаш ва тиббий реабилитацияси бўйича долзарб масалалар” мавзусидаги Халқаро семинар ўтказилди. “Соғлом бола йили”га бағишланган мазкур тадбирда Польша, Чехия, Корея, Хитой, Хиндистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари вакиллари ҳамда тиббиёт клиникалари мутахассислари, олим ва экспертлар, тиббий туризм компаниялари, тегишли вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар мутасаддилари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Тошкент вилоятидаги “Оқ тош” санаторийсида “Респиратор касалликларга чалинган болаларни санатор-курорт даволаш ва тиббий реабилитацияси бўйича долзарб масалалар” мавзусидаги Халқаро семинар ўтказилди. “Соғлом бола йили”га бағишланган мазкур тадбирда Польша, Чехия, Корея, Хитой, Хиндистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари вакиллари ҳамда тиббиёт клиникалари мутахассислари, олим ва экспертлар, тиббий туризм компаниялари, тегишли вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар мутасаддилари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Анжумандан кўзланган мақсад – мамлакатимиздаги санатор-курорт муассасалари фаолияти самарадорлиги ва уларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, сиҳатгоҳлардаги замонавий технологиялар базасини кенгайтириш ҳамда санатор-курорт муассасалари фаолиятининг туристик ташкилотлар билан интеграциясини кучайтиришдир. Халқаро семинарда Республикамизнинг санатор-курорт тизимидаги туристик ресурсларга ҳорижий шерикларни янада кенгроқ жалб этиш, бу орқали диёримиздаги бетакрор ва шифобахш иқлим шароитига ҳамда гўзал табиатга эга бўлган шифо масканларини жаҳонга янада кўпроқ танитиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббий туризмни ривожлантириш масаласи ҳам ташкилотчиларнинг диққат марказида бўлди.
Таъкидлаш зарурки, мазкур анжуман ҳорижий ҳамкорларга мамлакатимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар, эришилаётган улкан муваффақият ва натижаларни намойиш этиш, мазкур йўналишда ўзига хос тажриба алмашиш имконини ҳам берди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мазкур соҳада амалга оширилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши узайиб, оналар ва болалар саломатлиги муҳофазаси юқори сифат даражасига кўтарилди. Соғлиқни сақлаш тизимининг босқичма-босқич ислоҳ этилиши натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг самарали тизими яратилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева мазкур йўналишлардаги ишларга тўхталар экан, мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигига кўрсатилаётган эътиборнинг энг юксак намунасини жаҳон ҳамжамияти томонидан умумэътироф этилган “Соғлом она – соғлом бола” модели асосида олиб борилаётган мислсиз ишлар, қўлга киритилаётган улкан ютуқлар ҳам кўрсатиб турганлигини алоҳида таъкидлади.
– Ўзбекистонда фертиль ёшидаги аёлларни соғломлаштириш, хотин-қизлар ва болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича юксак натижаларга эришилмоқда, – деди жумладан Т.Нарбаева. – Бу борада халқаро стандартлар амалиётга жорий этилиши билан бирга, оилада тиббий маданиятни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масалаларига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил ишлар натижасида болаларни юқумли касалликларга қарши босқичма босқич эмлаш тизимининг йўлга қўйилганлиги, ҳар йили бу тадбир билан мамлакатимиздаги болалар 100 фоиз қамраб олинаётгани, натижада дифтерия, қоқшол, полиомиелит каби қатор юқумли касалликларга бутунлай барҳам берилганлиги Мустақиллик йилларида аҳоли саломатлигини сақлашга бўлган юксак эътибор самараси эканлигини бугун халқаро ҳамжамият эътироф этмоқда. Мамлакатимиз ҳудудларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари тармоғи яратилиши, бунинг натижасида 2000 йилдан буён ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши қарийб 2 баробарга камайгани, қишлоқ жойлардаги барча ҳомиладор аёлларнинг соғлом авлодларни дунёга келтиришларини кўзлаган ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан зарур поливитаминлар билан таъминланаётгани ўз ижобий самарасини бермоқда. Мазкур йўналишлардаги тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон “Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган 161 мамлакатдан иборат жаҳон рейтингида ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган давлатлар орасида 9-ўринни эгаллади.
Мазкур жараёнларда аҳолини соғломлаштириш ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги 15 та санаторий фаолияти самарадорлигини ҳамда улардаги тиббий хизмат сифатини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, санаторийлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган катта ҳажмдаги қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишлари, сиҳатгоҳларнинг энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминланиши, тиббиёт ходимлари малакасининг мунтазам равишда оширилиши натижасида тизимдаги санаторийлар нафақат Республикамиз аҳолиси, балки, ҳорижлик дам олувчилар эътиборини ҳам кенг жалб этмоқда.
Йилдан йилга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ҳорижлик дам олувчилар сонининг ортиб бораётгани Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимдаги сиҳатгоҳларда туризм ва соғлиқни сақлаш интеграциясини ривожлаништиришга қаратилаётган эътибор самарасидир. Шу мақсадда санаторийлар жаҳон андозалари талаблари даражасидаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, даволашнинг халқаро стандартларга мос янги усуллари ташкил этилмоқда. Кейинги йилларда тизимдаги сиҳатгоҳларда жорий этилган даволашнинг янги технологиялари – азонотерапия, рефлексотерапия, психотерапия, спелиотерапия, СПА салонлар фикримиз далилидир. Натижада ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда минглаб узоқ ҳориж ва МДҲ давлатлари фуқароларига соғломлаштириш ва реабилитация хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, касаба уцюшмалари санаторийларида тиббий туризмни ривожлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси махсус Дастурига асосан сиҳатгоҳлар мутахассислари бир қатор ҳорижий мамлакатлар, хусусан, Чехия давлатининг “Карловы Вары” курортида тажриба алмашиш билан бирга малака ошириб қайтдилар. Санаторийларда фаолият кўрсатаётган ошпазлар эса миллий ва европа таомларини тайёрлаш бўйича “Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси” қошидаги “Халқаро ўзбек пазандачилиги санъати маркази”да малака оширдилар.
Касаба уюшмалари томонидан аҳолини сифатли соғломлаштириш йўналишида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида ҳар йили тизимдаги санаторийларда 100 минг нафардан ортиқ кишининг саломатлигини мустаҳкамланмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида мазкур сиҳатгоҳларда 75 минг нафардан ортиқ меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди. Уларнинг 1721 нафари болалар эканлиги янада аҳамиятлидир. Чунки, тизимдаги санаторийларда “Она ва бола” йўлланмалари асосида болажонларнинг ота-оналари билан биргаликда соғломлаштирилиши бугунги кунда ўз ижобий самарасини бермоқда. Яна бир муҳим жиҳат – касаба уюшмалари санаторийлари кўп тармоқли бўлиши билан бирга, кардиологик, гастроэнтерологик, гинекологик, неврологик, пульмонологик ҳамда нефрологик касалликларни даволашга ҳам ихтисослаштирилган. Бу меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама сифатли ва кенг қамровли тиббий хизмат кўрсатиш имконини янада кенгайтирмоқда.
Тадбир давомида ҳорижий давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари вакиллари ҳамда тиббиёт клиникалари мутахассислари, олим ва экспертлар Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишлар, шу жумладан, респиратор касалликларга чалинган болаларни санатор-курорт даволаш ва тиббий реабилитацияси бўйича олиб борилаётган ишларни юксак баҳоладилар.
– Авваломбор, бизни мана шундай нуфузли анжуманга таклиф этганликлари учун чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман. Чунки, тадбир доирасида мавзуга оид қимматли маълумотларни олиш ва фикр-мулоҳазалар, тажриба алмашиш билан бирга, Ўзбекистондек жаннатмакон диёр, унинг мўжизавий иқлим шароитларига эга бўлган сиҳатгоҳлари, дунёга машҳур афсонавий тарихий шаҳарлари билан танишиш имконига ҳам эга бўлдик, – дея таъкидлади Корея давлати вакили Ким Къёнгёнг. – Мамлакатингизда аҳоли, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир. Айниқса, болаларни тор мутахассисликлар йўналишида даволаш тизими бизда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонда бу борада тўпланган тажрибани албатта ўз фаолиятимизда қўллаш мақсадида ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилдик. Мазкур семинар фойдали ахборот ва маълумотларга жуда бой бўлди. Бу каби тадбирлар биз мутахассислар учун катта тажриба алмашув мактаби бўлади.
– Ўзбекистонда йилдан йилга аҳоли фаровонлигини ошириш, саломатлигини сақлаш йўналишларида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Алоҳида таъкидлаш зарурки, ҳар сафар мамлакатингизга ташриф буюрганимда, албатта соғлиқни сақлаш соҳасида даволашнинг янги усуллари яратилгани ва бу борада амалга оширилаётган ишларнинг яна бир поғона юқори даражага кўтарилганлигининг гувоҳи бўламан, – деди Ҳиндистондаги “Аполло Хоспитал” клиникаси шифокори Мунир Ахмад. – Мазкур семинар мавзунинг долзарблиги ва унга юқори даражада тайёргарлик кўрилгани билан янада аҳамиятлидир. Сминар давомида болаларни санатор-курорт даволаш бўйича касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда олиб борилаётган тизимли ишлар ва бу борада эришилаётган самарали натижалар билан ҳам танишдик. Энг муҳими, санаторийларда бўлиб, бу жараёнларни амалда кўриш имконига эга бўлдик. Биз ҳар соҳада жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон билан ҳамкорликка доимо тайёрмиз. Бу мамлакатга янада гуллаб-яшнаши, янги марраларни забт этишида фақат эзгу ниятларни тилаймиз.
– Ёш авлод камолоти, хусусан, уларнинг соғлом ва бақувват инсонлар бўлиб вояга етиши борасида Ўзбекистонда кенг кўламди ишлар олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўилб турибмиз, – деди Чехия тиббий-техника фанлари Академияси академиги, Марина Хлуднева. – Чехия ҳам ўз курорт муассасалари билан машҳурдир. Бизни мамлакатингиздаги санатор-курорт муассасаларида тўпланган тажриба жуда қизиқтиради. Сабаби, Ўзбекистондаги сиҳатгоҳлар изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, санаторийларда болаларни даволаш, хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда она ва болани биргаликда соғломлаштириш йўналишида тўпланган тажриба биз учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Хусусан, “Оқ тош” санаторийсидаги мусаффо тоғ ҳавоси, дарёлардан келадиган табиий гидроионланиш асосий даволаниш омили экан. Бу нафас аъзоларининг носпецифик касалликларини даволашда самарали таъсири билан аҳамиятлидир. Бизда катта таассурот қолдирган муҳим жиҳат –Ўзбекистон давлатининг алоҳида эътибори натижасида “Оқ тош” санаторийсининг янада замонавий қиёфа касб этгани ва энг замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан таъминланганидир. Бу масканда амалга оширилган қурилиш ва реконструкция ишлари сиҳатгоҳ моддей-техник базасини мустаҳкамлаш билан бирга, унинг қабул қувватини оширгани янада аҳамиятлитдир.
– Семинар мавзуси жуда долзарб. Чунки, бугунги кунда нафас йўлларининг турли касалликлари профилактикаси, унга чалинган болаларни ўз вақтида ва самарали даволаш барча мамлакатлар учун ҳам аҳамиятлидир, – деди Хитой касаба уюшмалари Федерацияси даволаш бўлими бошлиғи Ли Джианхонг. – Ўзбекистонда ташкил этилган бугунги тадбир дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар учун ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун ҳам катта имконият яратиб берди. Менга Ўзбекистоннинг мусаффо ҳавоси, кенг, озода ва замонавий кўчалари, уларнинг ниҳоятда дарахтлар ва гулларга бой эканлиги, гўзал бинолар, яратилганлиги жуда ҳам манзур бўлди. Умуман, Ўзбекистонда амалга оширилган ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишлари, аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги ислоҳотлар бизда катта таассурот ва қизиқиш уйғотди. Мамлакатингизда тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларнинг амалдаги ифодасини кўрдик. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимидаги санаторийларга ташриф буюриб, бу масканларда дам олувчилар учун бекаму кўст, талаб даражасида яратилган шароитларнинг гувоҳи бўлдик. Уларда дам олиб, даволанаётган меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларининг мазкур шароитлардан мамнун эканликлари эътиборимизни тортди.
Халқаро семинар доирасида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар мутахассислари ва ҳорижлик соҳа ходимлари респиратор касалликларга чалинган болаларни санатор-курорт даволаш ва тиббий реабилитацияси бўйича долзарб масалалар юзасидан ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар. Ҳорижлик мутахассислар инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналар ва болаларни соғломлаштиришда санатор-курорт хизматининг аҳамияти тўғрисидаги таҳлилий маърузалар орқали ўз мулоҳазаларини билдирдилар.
Халқаро семинарда ҳорижлик мутахассислар томонидан Ўзбекистон сиҳатгоҳларининг ушбу жиҳатларига юқори баҳо берилди. Улар келгусида Ўзбекистондаги сиҳатгоҳлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истагини билдирдилар.
Семинар дастури доирасида иштирокчилар билан биргаликда Респиратор касалликларга чалинган болаларни санатор-курорт даволаш ва тиббий реабилитацияси бўйича “Мастер-класс – М аҳорат дарслари” ҳам ўтказилди.
Тадбир муносабати билан ташкил этилган кўргазмада чет эл компанияларининг диагностик ва физиотерапевтик жиҳозлари намойиши ўтказилди. Шунингдек, махсус дастур асосида ҳунармандларнинг миллий маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Ҳорижий иштирокчилар Тошкент, Самарқанд, Бухоро шахарларининг зиёратгоҳ масканлари, диққатга сазовор жойлари ҳамда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар фаолияти билан ҳам танишдилар.
Халқаро семинар якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати раҳбари