[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.10.2014. Мамлакатимиз фахрига айланган «GМ – Uzbekistan» қўшма корхонасида янги линияларнинг ишга тушиши натижасида,  ходимлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

 

Корхонада меҳнат қилаёт­ган 10219 нафар ишчи-хизматчиларга (уларнинг 383 нафари аёллар) муносиб меҳнат ва дам олиш шароитини яратиш корхона касаба уюшма қўмитаси зиммасидаги асосий вазифалардан биридир. Айниқса, Хоразм вилоятида ишга туширилган корхона филиалида ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Касаба уюшма қўмитаси томонидан «Соғлом бола йили» Давлат дастури бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар режаси оғишмай амалга оширилмоқда.

 

Жумладан, корхона ходимлари тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу кунгача 519 нафар ишчи сиҳатгоҳ ва дам олиш уйларида кучга тўлиб, даволаниб қайтишди. «Касаба сайр» орқали 50 нафар фаол ишчи-ходим Андижон-Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Тошкент-Андижон йўналиши бўйича 4 кунлик саёҳатда бўлди.

 

Эътиборли жиҳати, корхона ишчиларига санаторий ва дам олиш уйларига берилаётган йўлланмаларнинг қисман тўлови жамоа шартномасига асосан 45 фоиз ўрнига 20 фоизга туширилди. Яъни, эндиликда йўлланмаларнинг 25 фоизи корхона ҳисобидан қопланаётир.

 

Ёш авлод тарбияси ва саломатлиги алоҳида эътиборда. Жорий йил ёзги таътилда ишчиларимиз фарзандларидан 1252 нафари, шу жумладан, Асака шаҳар Муқимий МФЙда яшовчи эҳтиёжманд, кўп болали оилалар фарзанд­ларидан 117 нафари оромгоҳларда бепул соғломлаштирилди.

 

Жорий йилда корхонамизда 576 нафар коллеж битирувчилари амалиёт ўтади. Уларга бириктирилган усталарга қўшимча иш ҳақи тўлаб борилди. Корхонанинг Хоразм бўлимида яратилган янги иш ўринларига коллеж битирувчиларидан 250 нафари жалб этилди.

 

Корхонада турли байрамлар муносабати билан цех ва бўлимлар спорт жамоалари ўртасида мунтазам равишда футбол, мини футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, тош кўтариш ва арқон тортиш турлари бўйича мусобақа ва турнирлар ўтказиб келинмоқда. Муҳими, ходимлар гимнастикасига эътибор кучайиб, иш куни бошланишидан аввал 10 дақиқа мобайнида барча ходимлар махсус тайёрланган мусиқа остида гимнастика машқларини бажариши йўлга қўйилган.

 

Бахтсиз ҳодисалардан холи, хавфсиз ишлаб чиқариш муҳитини яратиш ўта муҳим. Корхона касаба уюшма қўмитаси ва меҳнат муҳофазаси бўлими ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар томонидан жамоатчилик назорати олиб борилаётгани ўз натижасини бермоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан ўтказилган республика кўрик-танловида йиғув цехи ишчиси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил Мадраим Акимов «Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил» номинацияси бўйича 2-даражали диплом билан тақдирлангани барчамизни қувонтирди.

 

Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрамига бағишлаб Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва «Ўзавтосаноат» уюшмаси ҳамкорликда тармоқ корхоналари ўртасида ташкил этган кўрик-танловда «Ишловчиларга хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, ишлаб чиқариш маданияти ва эстетикасини яхшилаш бўйича энг яхши ташкилот» номинацияси бўйича «GМ — Uzbekistan» ЁАЖ корхонаси 2-ўринни эгаллади.

 

Хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига тўла риоя қилиш ходимларни ўқитиш-ўргатиш ва назорат қилиш орқали янада мустаҳкамланади. Корхонада жорий йил 22-26 сентябр кунлари «Глобал хавфсизлик ҳафтаси» тадбири ўтказилди. Ҳафталикда энг фаол қатнашган цех ва бўлимлар фаолияти комиссия томонидан таҳлил қилиниб, ғолиблар аниқланди, улар диплом, қимматбаҳо совға ва пул мукофоти билан тақдирланди.

 

Ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилаяпти. Жумладан, эҳтиёжманд ходимлардан 315 нафарига касаба уюшма бюджети ҳисобидан 15250,4 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Йил давомида 50 нафар ишловчи ёш оилаларга намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар учун ипотека кредити тақдим этилди.

 

Замон талабига мос иш жойлари, мураккаб техникаларда эмин-эркин ишлаш имконияти яратилганлиги туфайли корхонада ишлаш орзуси билан яшаётган ёшлар тобора кўпайиб бормоқда.