[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

31.01.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Гендерга оид аудитни ўтказувчи мутахассислар учун амалий ўқув-семинари ўтказилди.

Бир вақтнинг ўзида оффлайн ва онлайн форматда ташкил этилган мазкур тадбирда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари, гендерга оид аудитни ўтказувчи мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳудудий студиялардан эса касаба уюшмаларининг меҳнат инспекторлари, гендер масалалари бўйича тренерлар, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳудудий тузилмалари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Маълумки, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида Гендерга оид аудит ўтказилиши белгиланди. Бунда жаҳон тажрибаси ҳамда охирги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида тўпланган бой тажрибанинг инобатга олинганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Шу ўринда Гендерга оид аудит тўғрисида тушунтириш бериб ўтсак.

Гендерга оид аудит – давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолашдир.

Гендерга оид аудитнинг асосий вазифалари қаторига:

– давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар сони нисбатини ўрганиш;

– давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятини гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этганлиги ҳолатини ўрганиш;

– хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиши ҳолатини баҳолаш;

– хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалалари киради.

Амалий ўқув-семинарида таъкидланганидек, гендер тенгликни таъминлаш масаласи бутун дунёда долзарбдир. Бу бежиз эмас, чунки гендер тенгликка эришиш жамият ҳаётининг барча жабҳасида барқарор тараққиётга эришишнинг асосий омилларидан биридир. Қайд этилганидек, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади.

Эътироф этиш жоизки, юртимизда охирги йилларда гендер тенгликни таъминлаш борасида, хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Бу борадаги ишлар Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳам эътироф этилди.

Мамлакатимизда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Ўқув-семинари иштирокчиларига “Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масалаларида эришилган натижалар ва бу борадаги устувор вазифалар, давлат хизматида гендер тенгликни таъминлаш масалалари ҳамда гендер сегрегациясини бартараф этиш чоралари, гендер статистикаси, меҳнат муносабатларида гендер тенгликни таъминлаш борасидаги муаммо ва ечимлар, гендер тенгликни таъминлаш ва БМТ қўмитаси тавсияларини амалга ошириш масалалари, гендерга оид терминологиянинг хотин-қизлар ижтимоий ҳолатини яхшилашга қаратилган имкониятлари тўғрисида ҳам батафсил маълумот ва тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида Гендерга оид аудитни амалга ошириш тартиби ва мезонлари бўйича махсус услубиёт ишлаб чиқиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари