08.02.2023. Бахшиной Файзулаева “Ўзмиллийбанк” АЖ Муборак филиалида кассир-назоратчи лавозимида ишлаб келарди. У 2020 йил 10 июндан туғруқ таътили, октябрь ойидан эса бола парваришлаш таътилига чиқди.
2022 йил 02 июль санасида АЖ бошқарувчиси номига ишга қайтмоқчи эканини билдириб, ариза ёзди. Аммо иш берувчи унинг аризасини қаноатлантирмади. Ишсиз қолган Бахшиной касаба уюшмалари Қашқадарё вилоят кенгашига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Касаба уюшма аралашувидан кейингина банкнинг Қашқадарё вилоят филиали Амалиёт бўлими касса-назоратчиси лавозимига ишга қабул қилинди.
Худди шундай ҳолат Қамаши туманида ҳам кузатилди. Тумандаги 9-ўрта мактабда бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериб келган Раъно Муродова 2020 йилда бола парваришлаш таътилига чиқди. Аммо 2022 йилда ишга қайтмоқчи бўлганида рад жавобини олди. Ваҳоланки, Раъно таълим муассасасида ўриндошлик асосида дарс берган бўлса-да, унинг ишсиз қолиши қонунларимизга зид.
Касаба уюшмаси аралашуви билан Р.Муродова 2022 йил 5 сентябрдан ўз ишига қайтарилди.
Косон тумани 4-ўрта мактаб ходимаси Зулайҳо Қўзибоева эса мактаб директори томонидан унга 2022-2023 ўқув йил учун дарс соати бермаганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Ариза ўрганиб чиқилгач фуқаро ўз иш ўрнига тикланди. Унга физика фанидан 10 соат дарс юкламаси ва 0,5 штат бирлигида лаборантлик вазифаси ажратилди.
Кўкдала туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактаби ходими Даврон Абсоатов ойлик иш ҳақини ундириб беришда амалий ёрдам сўради.Шундан сўнг унга айрим сабабларга кўра тўланмай қолинган октябрь ойи иш ҳақи ундириб берилди.
“Litai Textile” МЧЖ хорижий корхонасида ишлайдиган Муқима Очилова ишдан бўшатилди. Муқима оилавий шароитига кўра ишламаса бўлмасди. Шунинг учун касаба уюшмасидан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Ўрганиш чоғида ходиманинг ҳуқуқлари бузилгани аниқланди ва у ўз ишига тикланди.
Аббос Мустафоев эса турмуш ўртоғи Л.Бўриева Ғузор тумани қишлоқ хўжалиги коллежида психолог лавозимида ишлаб, туғруқ таътилига чиққани, таътилдан қайтгач уни ўз иш ўрнига олишмаганидан норози бўлиб ариза ёзди.
Натижада давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилоят кенгаши мутахассислари аралашуви билан фуқаро Л.Бўриева Ғузор қишлоқ хўжалиги коллежининг вориси сифатида фаолият олиб бораётган 2-касб хунар мактабига психолог штат бирлигига 0,5 ставкада ишга қабул қилинди ҳамда дарс соатлари билан таъминланди.
Албатта, ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳуқуқлари, унинг ҳаётига таъсир қиладиган омиллар турибди. Мурожаатларни ўрганиш асносида 14 ҳолатда турли ташкилотларга кўрсатмалар, тўртта ҳолатда судларга даъво аризалари киритилди. Йил давомида 17 марта суд жараёнларида иштирок этилиб, 125 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.
2022 йилда киритилган кўрсатмаларга асосан 44 миллиард 928 миллион 797 минг сўм иш ҳақидан қарздорлик ундириб берилди.
Шамсиддин Сатторов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори