[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.02.2023. Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2022 йил давомида вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ёш ходимлари ҳамда олий таълим муасассалари талабалари билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, долзарб аҳамиятга эга масалалар таҳлил қилинди. Бундай мулоқотларда икки мингдан ортиқ ёшлар иштирок этдилар.

Шунингдек, тармоқ келишувлари, жамоа шартномаларини ишлаб чиқишда ёшлар вакиллари иштироки таъминланиб, мазкур жараёнда келишув ва шартномаларга ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилишига эришилди. Бундан ташқари 60 га якин ташкилотнинг Жамоа шартномаларида ёшларга берилган қўшимча имтиёз ва кафолатлар ижроси мониторинг қилинди.

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган йили “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури доирасида 1051 та корхонада Касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ўртасида имзоланган Жамоа шартномасига мувофиқ кам таъминланган 2322 нафар ёш оилалар вакилларига 639 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Исмоилов. – Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 175 нафар талаба контракт пулларини қисман қоплаб бериш учун корхоналар ҳисобидан 371 миллион сўм ажратилди. Нодавлат мулк шаклидаги 179 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 270 нафар ёш оналарнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.

Шунингдек, сафарбарлик заҳирасидаги харбий хизматга чақирилиши муносабати билан Жамоа шартномалари орқали 32 нафар ёш ходимга 88 миллион 533 минг сўмлик фоизсиз ссуда берилди. Уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш учун 58 нафар ёш оилага 222 миллион 956 минг сўмлик фоизсиз ссудалар берилди.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари томонидан ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, танлов ва саёҳатлар уюштирилмоқда. Жумладан, “Энг намунали ёш иш берувчи”, “Энг намунали ёш бошланғич ташкилот раиси”, “Энг намунали ёш мутахассис”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис”  каби танловлар ёшларнинг иқтидорларини, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Ёш иқтидор эгалари учун грантлар ажратилмоқда, чин етим, ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган иқтидорли талабаларга эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси стипендияси таъсис этилмоқда, шунингдек, ёшлар касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларда дам олдирилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати