07.03.2023. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимидаги ҳар бир бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида самарали фаолият юритаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни эъзозлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшаётган фаол хотин-қизларни рағбатлантириш ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрамини кенг нишонлаш мақсадида Республика кенгаши томонидан “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида семинар ва маданий тадбирлар ўтказилди.
Мазкур семинарда тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раислари ва фаол хотин-қизлар иштирок этдилар.
Семинарни Республика кенгаши раиси Халилова Мавжуда Хамдамовна кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кўп минг сонли меҳнаткашлар манфаатлари йўлида уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, тармоқ Республика кенгаши томонидан амалга ошириб келинаётган ишлар ва 2023 йилдаги режалари ҳақида айтиб ўтди. Таъкидландики, жамиятда хотин-қизларнинг фаоллиги, интилувчанлиги ва меҳнати қадрланса, уларга иш жойларида шарт-шароит ва имкониятлар яратилса бу, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради.
Шундан сўнг семинар дастурига кўра соҳа мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти, корхона ва ташкилотларда ишловчи хотин-қизлар учун жамоа шартномалари орқали белгиланган имтиёзлар ҳамда аёлларга хавфсиз ва қулай меҳнат шароитини яратишда меҳнат муҳофазаси қоидалари тўғрисида маърузалар ўқилди ва тренинг машғулотлар ўтказилди.
Шунингдек, семинар доирасида тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ўз касбининг фидойилари бўлган хотин-қизлар учун байрам тадбири ташкиллаштирилиб, эсдалик совғалари ва гулдасталар билан тақдирландилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси