15.03.2023. Рағбат ходимларнинг ишдан моддий ва маънавий қониқиш ҳосил қилиш, ташкилот учун қадрли эканлигини тушуниши, уларнинг фойдали иш коэффициенти ошишига хизмат қилади. Шунингдек, меҳнат интизомини яхшилаш, унумдорликни ошириш баробарида ташкилотнинг фаолият самарадорлигини таъминлайди. Ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи эса кадрлар қўнимсизлигига олиб келади.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига Ғаллаорол тумани тез тиббий ёрдам ходимларидан бир гуруҳи Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах филиали ҳисобчилари иш ҳақларини тўғри ҳисоблаб бермаётгани ҳамда қолиб кетган иш ҳақларини ундириб бериш юзасидан шикоят аризаси йўллашди.
Ушбу мурожаат юзасидан тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Шерзод Шербеков ўрганиш олиб бориб, аризадаги важлар асосли эканлигини аниқлади. Натижада, иш берувчи номига жорий йилнинг февралида бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатма киритилди. Унга асосан, 175 нафар ходимнинг иш ҳақлари қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳолда 113 миллион 707 минг сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилишига эришилди.
Муқимбой Исмоилов