[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.03.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган икки томонлама ҳамкорлик Меморандуми доирасида 2023 йилда амалга ошириладиган ишларни муҳокама этиш мақсадида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин раҳбарлигидаги делегация вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Қозоғистон касаба уюшмалари делегация вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув давомида икки мамлакат касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, бандликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ижтимоий ҳимояси, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш каби масалалар муҳокама этилди.

Учрашувда фаолиятнинг устувор йўналишларида олиб борилаётган ишлар, уларнинг натижалари билан бир қаторда Марказий осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши фаолияти доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари хусусида ҳам фикрлашиб олинди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ташкил этиш бўйича илгари сурилган ташаббус Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси томонидан тўла қўллаб-қувватланган ва Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши таъсис этилган эди.

Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Уставига мувофиқ унга аъзо бўлган иштирокчи мамлакатларнинг касаба уюшма марказлари раҳбарлари навбатма-навбат 1 йиллик муддатга Кенгаш Бош котиблигига сайланади. 2022 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг II Мажлиси доирасида ташкилотнинг 2023 йил учун Бош котиблигига 2022 йил давомида Кенгаш Бош котиби бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков таклифи билан Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин номзоди илгари сурилиб, бир овоздан маъқулланган.

Учрашувда томонлар Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг 2023 йил учун иш режаси хусусида ҳам фикр алмашдилар. Шунингдек, Кенгашнинг ягона веб-сайти лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тақдимот давомида томонлар кенг жамоатчиликка Кенгаш ҳамда унга аъзо бўлган иштирокчи мамлакатлар касаба уюшмалари марказлари фаолияти тўғрисида тезкор ва холис ахборотларни етказишда муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур веб-сайт лойиҳаси бўйича ўз фикр ва мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирдилар. 

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари