10.04.2023. Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгашига Кармана туманида яшовчи Зулфия Қаҳҳоровадан шикоят хати тушди. Унда баён этилишича, аризачининг турмуш ўртоғи Баҳодир Қаҳҳоров, дўстлари – Муроджон Зоиров, Ғайратбек Баратов ва Исломжон Ҳайдаров туманда фаолият юритаётган «Кумушбиби Гранд» МЧЖ раҳбари Валижон Ўриновга учрашиб, ушбу корхонага 171 миллион 950 минг сўм эвазига қуёш панеллари ўрнатиб беришга келишадилар. Сўнгра дадил ишга киришадилар. Қисқа фурсатда 17 минг 195 метр узунликдаги кабелни ер остига ётқизиб, ишни муддатидан олдин бажаришади. Аммо меҳнат ҳақини олишга келганда тавбаларига таянишади. Сабаби, МЧЖ раҳбари пулнинг 68 миллион сўмини тўлайдию, қолганини беришни хаёлига ҳам келтирмайди. Бу бедодликка чидай олмаган тўрт оғайни бор гапни қоғозга тушириб, туман ички ишлар бўлимига топширишади. Бироқ ушбу орган ҳузуридаги тергов бўлими мутасаддилари бу масала бўйича судга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтиришади.
Бефойда югурюгурлардан силласи қуриган Баҳодир Қаҳҳоров турмуш ўртоғи Зулфия билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Алишер Раҳматовга учрашиб, можарони ипидан игнасигача сўзлаб берди. Алишер Раҳматов эса фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига тақдимнома киритди. Суд ишни одилона кўриб чиқиб, низоли ҳолатни ижобий ҳал этиш лозим деган тўхтамга келди. Пировардида Баҳодир Қаҳҳоров, Муроджон Зоиров, Ғайратбек Баратов ва Исломжон Ҳайдаровларнинг ҳар бирига «Кумушбиби Гранд» МЧЖ ҳисобидан 31 миллион 657 минг 500 сўмдан – жами 126 миллион 630 минг сўм миқдорида меҳнат ҳақи ундириб бериш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарди.
Шундай қилиб, касаба уюшмаси вакилининг бевосита аралашуви билан адолат қарор топди, бировнинг ҳақини беришни унутган МЧЖ бошлиғи эса бармоғини тишлаб қолди…
Нормурод Мусомов