[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

12.04.2023. “UNITEL” масъулияти чекланган жамиятининг Фарғона шаҳар Шарқий ҳудудий филиали корпоратив бизнесни ривожлантириш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб келган Д.Раҳмонов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилиб, меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўради.

Мурожаат бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида маълум бўлишича “UNITEL” масъулияти чекланган жамиятининг 2022 йил 20 декабрдаги №760-к-сонли, 2023 йил 13 январдаги №25-к сонли, 23 январдаги №46-к сонли буйруқлари билан Д.Раҳмоновга “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланади ҳамда 2023 йил 2 февраль кунги №107/23-лс-сонли меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги буйруқ билан ишдан бўшатилади.

– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддасида Интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилиши белгиланган, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши бош юристконсульти Авазхон Тўрахўжаев. – Мазкур мурожаат бўйича ўтказилган ўрганишлар давомида “UNITEL” МЧЖнинг юқоридаги буйруқлари жамиятнинг ходимларни бошқариш ва ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилмаган, шунингдек, ваколати бўлмаган ходими томонидан имзолангани аниқланди. Шу боис ҳам  юқоридаги буйруқлар Меҳнат кодексининг 182-моддаси талабига зид қабул қилинганлиги ва “Хайфсан” интизомий жазо чораси асоссиз берилгани ўз исботини топди.

Касаба уюшма мутахассислари ходимнинг манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича амалга оширган саъй-ҳаракатлари натижасида 2023 йил 3 апрель куни Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан “UNITEL” МЧЖнинг “Хайфсан” интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруқлари ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида 2023 йил 2 февралда қабул қилган №107/23-лс-сонли буйруғи бекор қилинишига эришилди.

Натижада Д.Раҳмонов “UNITEL” масъулияти чекланган жамиятининг Фарғона шаҳар Шарқий худудий филиали корпоратив бизнесни ривожлантириш бўлим бошлиғи лавозимига ишга тикланди ва унга 44 млн. 800 минг сўм миқдоридаги маънавий зарар ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириб берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати