[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.04.2023. Шаҳрисабз шаҳридаги 10-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби фарроши Феруза Муродованинг турмуш ўртоғи ногирон. Яна бир фаррош Нуринисо Муқимованинг ҳам оилавий шароити анчайин оғир. Математика фани ўқитувчиси Йигитали Мансуровнинг уч нафар фарзанди бор. Оилада ёлғиз ўзи ишлайди…

Жамоа шартномасига кўра бу ходимларга моддий ёрдам ажратилди. Умуман олганда, мазкур жамоада ҳеч ким эътибордан четда эмас. Ҳар байрамда ходимлар навбати билан рағбатлантирилади. Пенсияга чиқаётган фахрийга нафақат иш берувчи, балки мактаб касаба уюшма қўмитаси ҳам ўз совғасини тақдим этади. Ўтган йили икки нафар устозга эҳтиром кўрсатилди. Шунингдек, 10 нафар ходимнинг Бухорога саёҳати уюштирилди, беш нафар педагогнинг фарзанди янгича қиёфада таъмирланган сўлим «Зиё чашмалари» оромгоҳида ҳордиқ чиқарди. Муассасада ўқитувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши ва тармоқ спартакиадаларида фаол иштироки йўлга қўйилган. Бундай тадбирларда совринли ўринларни қўлга киритганлар касаба уюшмаси томонидан рағбатлантирилди.

Жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилишига бағишланган муҳокама жараёнида касаба уюшма қўмитаси раиси Мавлуда Убайдуллаева бу каби хайрли ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Сўзга чиққанлар муассасада иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг ижтимоий шерикликдаги фаолиятига баҳо бериб, дарслар тақсимоти ҳамда ходимларни рағбатлантириш шаффофлиги, қулай ва хавфсиз иш шароитларини яратишда меҳнат муҳофазаси тадбирлари ўз вақтида ўтказилаётганини таъкидлашди.

Йиғилиш якунида янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси талаблари асосида янгиланган Жамоа шартномаси қабул қилинди.

Акмал Абдиев